Ойларнинг султони Рамазон муборак бўлсин!
2019 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори матбуотда эълон қилиниб, унда: Жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжихат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда улғайиб келаётган ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишларини ташкил этишга;
Мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилиши белгиланган.
Исломнинг беш устунидан бири бўлмиш рўза туфайли рўзадорда руҳий ахлоқий покланиш бўлади. Рамазонда шайтонлар кишанланади, инсонни ёмонликка чорловчи васвасалари чекланиб, кишиларга ўзларини тарбиялашга имкон берилади. Бинобарин, бу ойда қилинган гуноҳнинг жазоси қаттиқроқ бўлади. Шу боис, ҳадисларда Рамазонда барча ахлоқсизликлардан, гуноҳлардан покланишга қаттиқ тарғиб қилинган. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга кўра амал қилишни қўймаса, унинг таом ва ичимлигини тарк этишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, деганлар. Бу ҳадисни Имом Бухорий, Абу Довуд ва Ибн Можалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Рамазон тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир. Биров билан тортишиш, жанжаллашиш асли яхши иш эмас. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ҳам, ҳақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди.
Имом Бухорий ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирортангизнинг рўза тутган куни бўлса, шаҳвоний сўз ва амалларни қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадор кишиман”, десин”, деганлар.
Саҳардан шомгача еб-ичишдан тийила олган одамда сабр-қаноат туйғуси ортади, иродаси мустаҳкамланади. Иродали, сабрли инсонлар хотиржам бўлишади. Хотиржам кишилар тилларини ғийбатдан, беҳуда гап-сўзлардан тияди. Кўнгилларидан ҳасаду ғаразни, гина-кудуратни ҳайдайди. Одамларга эътиборли, раҳм-шафқатли бўлишга интилади. Шу сабабдан ҳам Рамазон ойи номига маърифат, мағфират, тинчлик, хотиржамлик, сабр ойи каби сифатлар қўшиб айтилади. Бу ойда ўзаро аҳиллик, тотувлик, бағрикенглик туйғулари кучланади. Ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка интилиш ортади.
Рамазон саховат ойидир. Рамазонда хусусан садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳар дойимгидан ҳам кўра кўпроқ саховат қилар эдилар, ҳатто, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг таъбири билан айтганда, эркин шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетардилар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланишган.
Ўзбекситон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги, “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиали, имом хатиблар ва саховат пеша инсонлар ҳамкорликда вилоятимиздаги ижтимоий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар ва беморлар ҳолидан хабар олиш, Саховат, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари, мактаб интернатлари тарбияланувчиларига ўттиз кун мобайнида хайр-эҳсон қилиш, совғалар улашишни режалаштирган. Қолаверса, Рамазон ойи тадбирлари билан ҳамоҳанг ҳолда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хонадонига бориб, уларни байрам билан табриклаш, эсдалик совғалари топшириш ишлари ҳам бошлаб юборилди.
Аллоҳ таоло Қуръон, тақво, меҳр-шафқат, саховат ойи бўлмиш рамазон ойини барчамизга муборак қилсин! Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айласин!
Киритилган вақти: 06/05/2019 00:00; Кўрилганлиги: 1390
Чоп этилган вақт: 08/11/2024 20:18