ОБИ РАҲМАТ ЖОМЕ МАСЖИДИ
Оби Раҳмат жоме масжиди маҳалла аҳли ташаббуси билан қад кўтарган.
1992 йили масжид пойдеворига асос солиниб, 1995 йилгача аста секин, ҳашар йўли билан бино бўлган. Масжид учта маҳалланинг ўртасида бўлиб, шу маҳаллаларда яшайдиган аҳолининг ушбу масжид бино бўлишида ҳиссалари каттадир.
1995 йил масжиднинг қурилиш ишлари тамом бўлгач, унга ном бериш зарурати туғилди. Маҳалла аҳли ном борасида маслаҳатлашиб, Амир Темур ҳазратларининг замонларида айнан шу ҳудуд атрофида жойлашган Гала Осиё, Боғи Майдон, Боғи Баланд, Мотурид деган боғлар ва қишлоқлар аҳлини ичимлик суви билан таминлаган “Оби раҳмат” (Аллоҳнинг раҳмати ёғилган сув) ариғи номи танланди ва масжид “Оби Раҳмат” жоме масжиди деб номланди.
Оби Раҳмат масжиди жойлашган манзил Самарқанд шаҳрига кираверишдаги Чўпон ота адири, Улуғбек расадхонаси, Афросиёб тарихий харобаси, Хўжа Дониёл мақбараси зиёратгоҳи ўртасида жойлашган бўлиб, юқори тарафидан Оби-раҳмат ариғи, пастидан Сиёб ариғи оқиб ўтади.
Оби раҳмат масжиди хазрат Амир Темурнинг машҳур боғларидан бири “Боғи майдон” худудида жойлашгани туфайли, масжидда ушбу боғдан намуна сифатида ўттиз сотихли мевали боғ яратилган.
Ҳозирда масжид икки хонақо ва уч томони айвондан иборат яхлит бинони ташкил этади. Хонақо ёнида ўн икки метрли минора-мезана ҳам қад кўтарган. Таҳоратхонаси замонавий бўлиб, барча шароитлар муҳайё қилинган.
Масжидда Тошкент ислом институтини 1999 йилда битирган Маматқулов Акмал Махсумович имом-хатиблик қилиб келмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 15/01/2016 00:00; Кўрилганлиги: 2936
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 17:05