Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Ночор оилага имом хатиб кўмаги билан уй қурилмоқда

 
 

Дили ўксик фақир камбағалларга, ночору ногиронларга ёрдам қўлини чўзиш, улар билан бирга ўтириш ва дўстона муносабат ўрнатиш, керак бўлганда уларга суянчиқ бўлиш, булар—ислом ва мусулмончиликнинг руҳияти, мағзидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади...”, деб айтганлари келтирилган.

Ҳа, Ислом дини мусулмон жамиятидаги кишиларни доимо ўзаро ёрдам асосида яшашга чақиради. Айниқса, қийинчиликда қолган кишиларга алоҳида эътибор беришни тайинлайди. Демак,бошқа мусулмонларнинг ҳар бири қийин ҳаёт кечираётган биродарининг мушкулини енгиллаштириш учун ҳаракат қилмоғи лозим. Кийим-кечак, озиқ-овқат,  турар жой топа олмай қийналаётган бўлса, унга ёрдам беришлари керак.

Ургут туман “Ғавсул Аъзам” жоме масжиди имом хатиби Тўлқин домла Исаев бошчилигида Ургут тумани  Жарқишлоқ  маҳалласида яшовчи боқувчиси йўқ, кам таъминланган, 4 нафар фарзанди бор Орипова Муқаддасга  ҳашар йўли билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда  уй жой қуриб берилмоқда. 6 сотих ер майдонида бино қилинаётган 3 та хона, айвон ҳамда ошхона ва бошқа қўшимча хоналардан иборат уйнинг қурилиши якунига етиш арафасида.

“Ҳозирги кунга қадар юз миллион сўм миқдорида пул сарф қилинди. Совуқ кунлар тушганича ушбу иморат тўлиқ битказилиб, унинг соҳиблари бу уйда истқомат қила бошлайди. Ушбу савобли амалга ўз ҳиссасини қўшаётган барча саховатпеша кишиларга Аллоҳ Ўзи ажру муокфатини ато қилсин”, деди Тўлқин домла.  

Аллоҳ таоло барчага меҳрли, оқибатли бўлишимизни насиб айласин. Етимлар ва заифларга ёрдамчи бўлиб, жаннатда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлишни муяссар қилсин.

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 02/10/2019 12:06;   Кўрилганлиги: 1305
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/nochor-oilaga-imom-xatib-komagi-bilan-uy-qurilmoqda
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 15:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг