Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Навбатдаги сайёр йиғилиш Иштихон туманида ўтказилди

 
 

Бугун, 2024 йил 23 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси билан навбатдаги сайёр йиғилиш Иштихон туманида ўтказилди.

Тадбирлар олдидан вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, ўзининг керакли кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди. Шундан сўнг, Зайниддин домла бошчилигида барча имом-хатиблар томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тадбир ташкил қилинди. Тадбир давомида “Полвон ота” жоме масжиди ҳудудидаги 0,5 гектар бўш ер майдонига 100 туп арча кўчатлари экилди. Шундан сўнг, Зайниддин домла мазкур масжид ҳудудидаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди. Қолган бош имом-хатиблар ва иқтидорли имом-хатиблар ҳам тақсимот асосида тумандаги мавжуд 12 та масжид имом-хатиблари ва ноиблари ҳамда 2023 йилда Ҳаж ибодатига бориб келган ҳожилар ҳамроҳлигида 20 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг ногиронлиги бор, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрдилар. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Иштихон туманидаги 12 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Қўшничилик одоблари ва ҳақлари”, “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш одоблари”, “Тинчлик қадри”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборсиз бўлмайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Неъматларга шукр қилиш фазилати”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва бошқа, бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.

Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Иштихон туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш, яқинлашиб келаётган Қурбон Ҳайитига барча масжидлдарни тайёрлаш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Мазкур тадбирлардан сўнг, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.


ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 23/04/2024 17:57;   Кўрилганлиги: 365
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/navbatdagi-sayyor-yigilish-ishtixon-tumanida-otkazildi
Чоп этилган вақт: 06/05/2024 01:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг