Мустаҳкам алоқа, доимий ҳамкорлик осойишталик омили (зиёрат туризми йўлга қўйилмоқда)
2017 йил 24 ноябр куни Имом Бухорий мажмуаси анжуманлар залида Татаристон Республикаси делегацияси ва самарқандлик уламолар, имом хатиблар иштирокида Татаристон ва Ўзбекистон ўртасида зиёрат туризмини ривожлантиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар зиёрат туризмини йўлга қўйиш, бу борадаги мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш, қардошлар, диндошлар ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш бўйича фикр алмашиб, маслаҳатлашиб олдилар.
Меҳмонлар Татаристонда яшайдиган мусулмонлар Ўзбекистонга келиш, уламолар юртини, улар қолдирган бой меросни ўз кўзлари билан кўриш ниятида эканларини, дунё эътироф этган олимлар, хусусан Имом Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат қилишга орзумандликларини таъкидладилар.
Татаристонликларнинг ушбу ташрифи икки давлат ўртасида йўлга қўйилаётган зиёрат туризмининг дебочаси экани, келгусида кўплаб зиёратчилар Ўзбекистонга келиш тараддудида эканликлари маълум қилинди.
Ушбу хайрли иш бугунги таҳликали пайтда, экстремизм авж олган, миллатлар орасида нифоқ солишга ҳар томондан уринишлар бўй жўзган вақтда ташкил этилаётгани мусулмонлар бирдамлигини мустаҳкамлаши, турли фитналар олдига тўсиқ бўлишини томонлар якдиллик билан эътироф этдилар.
Учрашув сўнгидаги эркин мулоқот давомида Татаристонда Ўзбекистонга келиш истагидагилар ҳар доим кўп бўлгани, бироқ алоқалар яхши йўлга қўйилмагани боис кўпчилик устозлар юртини зиёрат қилиш имкониятини топаолмаганлари, эндиликда йўллар очилиши татаристонликлар томонидан хурсандчилик билан қарши олингани таъкидланди.
Ўз навбатида Татаристон делегацияси самарқандликларни юртларини зиёрат қилишга таклиф этдилар.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 24/11/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2238
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 16:54