Муфтий ҳазратлари Самарқандлик ҳожилар билан учрашди
Кеча, 3 август куни Макка шаҳрида бўлиб турган Самарқанд вилоятидан Ҳаж сафарига борганлар билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари учрашди. Учрашув Макка шаҳридаги “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Унда муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, ҳаж амалларини тўла-тўкис адо этиш билан боғлиқ муҳим тавсияларни берди.
Шунингдек, ҳаж улуғ ибодат экани, бундай улуғ шарафга етказаётгани учун Аллоҳ таборака ва таолога шукроналар келтириш, ҳар бир зиёратчи ҳожилик мақомига етишиш йўлида юксак ихлос, гўзал одоб ва ниҳоятда оҳисталик билан ҳаракат қилиши зарурлигини алоҳида қайд этди. Мана шундай сифатларга эга бўлган ҳожи Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат қилганидек, “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир” деган улуғ мақомга эришишини баён қилди.
Йиғилишда муфтий ҳазратлари муҳтарам Президент ташаббуси билан барча соҳалар қаторида муборак ҳаж сафарини намунали ўтказиш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилаётганини гапириб берди. Айниқса, ҳаж сафари бўйича хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиши, қўшимча имтиёзлар берилиши баробарида нарх-навони ўтган йиллардагига нисбатан сезиларли даражада арзонлаштирилганини алоҳида қайд этди.
Суҳбат якунида муфтий ҳазратлари Самарқанд вилоятида олиб борилаётган барча хайрли ишлар, жумладан, диний-маърифий соҳадаги ишларнинг ривожини сўраб ҳамда вилоятимиз ва барча шаҳар, туман ҳокимларининг, ҳаж ибодатини адо этиш ниятида келган зиёратчилар ва барча Самарқанд аҳлининг ҳақларига дуо қилдилар.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 04/08/2019 13:14; Кўрилганлиги: 1323
Чоп этилган вақт: 08/10/2024 16:56