Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Меҳр ва саховат — инсон қадрини улуғловчи эзгу амал

 
 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва эзгуликка чорлаб, муҳтожлардан хабар олишни буюрган. Пайғамбаримиз Муҳаммад ҳам инсонларга яхшилик қилиш, беморлар ҳолидан хабар олиш, етимлар ва эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш энг улуғ савобли амаллардан бири эканини таълим берганлар. Шу боис халқимиз азалдан меҳр-мурувват, саховат ва инсон қадрини улуғлашни ҳаёт мезони сифатида эъзозлаб келади.

Ана шу эзгу анъаналарнинг амалий ифодаси сифатида 2026 йил 4 август куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида кенг қамровли маънавий-маърифий ва хайр-саховат тадбирлари ташкил этилди.

Тадбирларда Дин ишлари қўмитасининг Самарқанд вилояти бўйича вакили С.Боймуродов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ҳамда нуронийлар иштирок этдилар.

Тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган 500 та оилаларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, уларнинг яшаш шароитлари ўрганилди. Оилаларга моддий кўмак ва маънавий далда кўрсатилди, беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг дардига ҳамдард бўлинди. Уларнинг ҳаққига шифо, барака ва хотиржамлик сўраб самимий дуолар қилинди. Зеро, муҳтож инсоннинг кўнглини кўтариш, дардига шерик бўлиш ва унга умид бағишлаш Ислом таълимотида энг улуғ фазилатлардан ҳисобланади.

Шунингдек, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган ёки ҳаётида ижтимоий муаммолар туфайли қийинчиликларга дуч келаётган айрим фуқаролар билан якка тартибда самимий мулоқотлар ўтказилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, ватанпарварлик, маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш ҳамда жамият олдидаги масъулият каби долзарб масалалар ҳаётий мисоллар асосида атрофлича тушунтирилди. Асосий мақсад инсон қалбида эзгулик, ишонч ва келажакка умид туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Тадбирлар давомида Каттақўрғон туманидаги барча жоме масжидларида пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ўтказилиб, меҳр-оқибат, бағрикенглик, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш масалалари кенг ёритилди. Шу билан бирга, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг баркамол инсон бўлиб камол топиши учун хайрли дуолар қилинди.

Бугун инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжмандларга меҳр-эътибор кўрсатиш ва жамиятда саховат муҳитини қарор топтириш давлатимиз сиёсати ҳамда миллий қадриятларимизнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Каттақўрғон туманида ташкил этилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Зеро, меҳр-оқибат ҳукм сурган юртда тотувлик мустаҳкам бўлади, саховат устувор бўлган жамиятда барака зиёда бўлади. Инсон қадри эъзозланган Ватаннинг келажаги эса ҳамиша порлоқ ва барқарор бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 04/08/2026 18:44;   Кўрилганлиги: 34
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/mehr-va-saxovat-inson-qadrini-uluglovchi-ezgu-amal
Чоп этилган вақт: 04/08/2026 21:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг