“Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Самарқанд вилоят бош имом-хатибининг соҳа вакилларига табриги
27 июнь куни “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” сифатида мамлакатимизда кенг нишонланиб келмоқда. Шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги ходимлари номидан соҳа вакилларининг барчасини 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий табриклаб, ўзимизнинг юксак ҳурмат ва эзгу тилакларимизни билдирамиз.
Барчамизга яхши аёнки, матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлган. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда. Бугун мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасини бошқариш тизимини қайта ташкил қилиш, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожланишнинг муаммоли масалаларини ҳал этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрнини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Энг муҳими, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш борасида бугунгача қабул қилинган қонун ва ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, жамиятимиз ҳаётига изчил татбиқ этилмоқда.
Хусусан, "Ноширлик фаолияти тўғрисида"ги, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Ахборот олиш эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида"ги, "Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ва соҳага оид бошқа қонунларнинг қабул қилинганлиги фуқароларимизнинг ахборотни эркин ва монеликсиз олиш ҳамда фойдаланиш ҳуқуқларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу қатори сўнги йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Матбуот ва оммавий ахборот хизмати тизмида ҳам қатор янгиликлар жорий қилинди. Жумладан, Диний идора томонидан ҳафтанинг ҳар душанба, сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари ўзбекистонликларнинг диний илм олиш эҳтиёжларини соф ислом маърифати асосида қондириш, уларнинг ишончли манбалардан маълумотлар олишларини таъминлаш мақсадида Тафсир, Ақида, Фиқҳ, Ҳадисшунослик, Тажвид, Ислом тарихи ва Сийрат ҳамда Араб тили фанларидан ташкил этилган онлайн дарслар кўпчиликка манзур бўлмоқда. Бу дарслар Идоранинг Youtube сайтидаги саҳифасига жойланмоқда. Яқин бир йил ичида Telegram иловасида тезкор савол-жавоблар канали очилди. Бундан ташқари, савол-жавоблар учун махсус сайт ишга туширилди. Қуръони Карим, минг бир ҳадис, Ўзбекистоннинг етук имом-хатибларининг маърузалари ва саловотлар жой олган ҳамда ягона Tas-Ix тармоғига жойлаштирилган сайт ҳам мўмин-мусулмонларга хизмат қилмоқда. Вилоятлардаги вакилликлар ҳамда кўплаб масжидларнинг ҳам сайтлари бугун мўмин мусулмонларга хизмат қилиб келмоқда.
Ноширлик соҳасида ҳам катта ютуқларга эришилаётганини мамнуният билан ёдга олишимиз мумкин. Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларининг кўп йиллик орзулари 2020 йилда амалга ошди. Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамда бир қатор идора масъулларининг саъй ҳаракатлари билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси таъсислигида “Шамсиддинхон Бобохонов” номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйининг ташкил этилиши чин маънода тарихий воқеа бўлди. Эндиликда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг даврий нашрлари, шунингдек тизимда фаолият юритаётган диний соҳа ходимларининг ижодига мансуб асарлар, китоблар, қўлланмаларни чоп этиш осонлашди, халқимизга диний-маърифий адабиётлар, талабалар учун ўқув қўлланмалари ва бошқа матбаа маҳсулотлари сифатли ва арзон тарзда етказиб берила бошлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан бир оятни бўлса ҳам етказинглар. Бану Исроил ҳақида эса сўзлайверинглар, танглик йўқ”, дедилар”.
Бухорий ривоят қилган.
Матбаа ишлари ва ахборот тарқатиш ҳам инсонларга яхшилик, маърифат улашишдир. Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек, билганимиз бир оят ёки бир оғиз яхши сўз, илм-маърифат бўлса ҳам бошқаларга етказсак иншаллоҳ маърифат улашувчилар қаторида бўламиз. Мана шундай улуғвор, савобли ва ўз навбатида ўта масъулиятли ишда матбуот ва оммавий ахборот вакилларига улкан муваффақиятлар тилаб, яна бир бор байрамингиз билан муборакбод этаман. Аллоҳ таоло барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ютуқлар, хонадонларингизга файзу барака ато қилсин.
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ – ЎМИ Самарқанд вилоят вакили
Киритилган вақти: 26/06/2021 16:04; Кўрилганлиги: 1198
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:23