Макка шаҳрида ўтказилган тадбирда вакилларимиз иштирок этди
Туркиянинг “Диёнат ишлари бошқармаси” томонидан 13 август куни Макка шаҳрида“Қурбон ҳайити” муносабати билан анжуман ўтказилди. Унда йигирмадан зиёд давлатларнинг Ҳаж ишлари бўйича вакиллари иштирок этди. Ушбу анжуманда Ўзбекистон Республикаси Ҳаж ишлари бўйича ишчи ҳайъати номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили Зайниддин Эшонқулов ва Андижон вилоят бош имом хатиби Нуриддин домла Холиқназаров қатнашди.
Анжуманда сўзга чиққан Туркия Дин ишлар бўйича бошқармаси раҳбари, профессор Али Эрбош Ҳаж ишлари бўйича жамоа раҳбарлари ва ходимларини зиёрат ҳамда байрам билан табриклаб, “бу ерга келишимиздан мақсад, улуғ ибодат учун келган зиёратчиларга хизмат қилиш ва уларнинг ибодатларини мукаммал бўлишига ўз ҳиссамизни қўшишдир”, деди.
Эслатиб ўтамиз, бу йил мамлакатмиздан 7200 нафар киши Ҳаж ибодатларини адо этмоқдалар. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 35 нафардан иборат ишчи гуруҳи, 140 нафар гуруҳ раҳбари, 35 нафар шифокор ва 15 нафар ошпаз хизмат кўрсатаяпди. Кеча, 13 август куни юртимиз ҳожилари ҳаж амалларини мукаммал адо этиб, Мино водийсидан меҳмонхонага эсон-омон қайтдилар.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Киритилган вақти: 14/08/2019 15:44; Кўрилганлиги: 1266
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/makka-shahrida-otkazilgan-tadbirda-vakillarimiz-ishtirok-etdi
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 17:39
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 17:39