Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Кўнгилларга хушнудлик улашилди

 
 

Жамиятда меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлган инсонлар ҳам мавжуд экани маълум. Динимиз таълимотида инсониятни ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга буюрилган.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, ана шундай хайрли ишларни амалга оширадиган саховатпеша инсонлар жамиятимизда жуда кўп учрайди. Бундай савобли ишларни диний соҳа ходимлари ҳам амалга оширишда жонбозлик кўрсатмоқда. Жумладан, Ургут туманида жойлашган “Шайх Мухиддинхон” жоме масжиди имом-хатиби Н.Турсунов ҳомийларни жалб қилган ҳолда “Чорчинор” маҳалласида яшовчи, ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган 4 та оила фарзандларига янги ўқув йили бошланиши муносабати билан мактаб кийимлар, янги ўқув қуроллари ва шунга ўхшаш ўқув анжомларини эҳсон қилдилар. Зеро, Ҳадиси қудсийда“Қайси бир инсон бировнинг оғирини енгил қилса, ҳожатини раво қилса, Мен ўша инсоннинг оғирини охиратда енгил қиламан, ҳожатини раво қиламан”, - деб Парвардигори олам ваъда қилгани баён этилган. Шундай экан, биз уларга қўлимиздан келганича хайр саховат қилайлик. Шунингдек, “Мурувват” уйларига моддий ёрдамларимизни кўрсатиб Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажру-савобларга эга бўлайлик. Юқорида амалга оширилган хайрли ишлар сабабчилари ҳамда соҳибларини ҳам ана шундай улуғ савобларга эришишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга ва етимларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин, ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин!

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

 


Киритилган вақти: 09/09/2020 15:16;   Кўрилганлиги: 1165
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/kongillarga-xushnudlik-ulashildi
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 08:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг