Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Кечиримлилик улуғинсоний фазилат

 
 

Кечиримлилик, кенгбағирлилик халқимизга хос азалий қадриятларимиздан биридир. Хато қилган кишини кўрганда унга яхшилик билан қилган иши нотўғри бўлаётганини тушунтириш, тўғри йўлга бошлаш, жеркимаслик ўша шахс томонидан бу ҳол такрорланмаслигига замин яратади.

Инсон борки хота қилишдан холи эмас. Ҳаммамиз ҳам ҳаётимиз давомида каттами кичик хатолар, камчиликларга йўл қўямиз. Инсон қадрининг улуғлиги хато қилмаслигида эмас, балки қилган хатосини ўз вақтида англаб, тавба қилиши, тезроқ тўғри йўлни топиб олишидадир. Ҳадиси шарифда ҳам Ҳар бир Одам боласи хато қилувчидир. Уларнинг (ичида энг)яхшиси (хатосини англаб етиб, чин) тавба қилганларидир, дейилган.

Жаноб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг одилона ва оқилона сиёсатлари натижасида аввал қилинган хато сабабидан номи қора бўлганлар ички ишлар идоралари махсус ҳисобидан чиқарилиб, жамият орасига оддий халқ қатори юришлари учун кенг замин яратилди.

Уларни қўллаб-қувватлаш, шарт-шароитларини яхшилаш, иш билан таъминлаш, фарзандларининг яхши таълим олишлари учун давлат даражасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ушбу амалга оширилган ишлар фақат ва фақат халқимиз учун, ушбу заминда яшаётган ҳар бир фуқаро ўзини эркин ва озод ҳис қилиши учун амалга оширилди. Мутафаккир бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Олийжаноб кишилар узрни қабул қилур”, деган сўзларига биноан шуни айтамизки, ёт оқимга адашиб кириб қолиб, ўз хатосини тушунганлар кечирилишга ҳақли ва уларнинг соғлом фикрловчи жамиятга қўшилишида ҳаммамиз бирдек ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Масус рўйхатдан чиқарилганлар ҳам ўз навбатида олиб борилаётган ишларни қўллаб-қувватлашлари, ёт фикрлардан буткул узилишлари ва жамиятимиз тараққиёти учун хизматга бел боғлашлари лозим.

Афсус билан тилга олинадиган яна бир оғриқли нуқтамиз бор. Бу ҳам бўлса ҳали-ҳануз номи қора бўлиб чет элларда сарсон-саргардон бўлиб юрган кўплаб юртдошларимизнинг борлигидир. Эҳтимол улар юртимизга ҳамон ишончсизлик билан қараётган, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини англаб етмагандирлар. Балки уларга ҳамон нотўғри маълумотлар етказилаётгандир. Биз уларни туғилиб ўсган ватанларига қайтариш йўлини кўришимиз керак.

Албатта, улар хато қилди. Олдинда турган йўлни танлашга келганда нотўғрисини танлади, ғараз ниятли кимсалар кўрсатмасига бош эгди. Бу дегани уларнинг бир умр ватангадо бўлиб, тамға остида яшашга маҳкум дегани эмас. Уларни чақиришимиз, оиласи бағрига қайтаришимиз керак.

Албатта, жиноят жазосиз қолмайди. Кенгбағирлик қонунни четлаб ўтиш дегани эмас албатта. Айтиш лозимки, четда беркиниб юрганлар ортга қайтадиган бўлсалар қилмишлари адолат тарозисининг палласига қўйлишидан холи бўлади, демоқчи эмасмиз. Лекин, олийжаноб Юртбошимиз, олийжаноб халқимиз улардан мурувватларини аямайдилар. Эгилган бошни қилич кесмас, дейилганидек, ушбу кишилар ҳам юртга қайтадиган бўлсалар олийжанобликнинг ёрқин ифодасини кўрадилар.

Ўзга юртларда тентирагандан кўра ватанга қайтиб, адолат ва бағрикенглик асосида қонун олдида жавоб бергач, қолган умрини ота-онаси, фарзандлари, яқинлари олдида ўтказишга, бор билим ва салоҳиятини юрт равнақи учун сарфлашига ҳеч нарса тенг келолмайди.

Алломалардан бири: “Гуноҳкорларга ғазаб ва нафрат назари билан қараманг. Аксинча, уларга шафқат ва марҳамат назари билан боқинг!”, деган экан.

Зайниддин Эшонқулов

Самарқанд вилояти бош имом хатиби


Киритилган вақти: 08/03/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1866
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/kechirimlilik-uluginsoniy-fazilat
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 17:37
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг