“Жўш ота” масжиди таъмирдан сўнг фойдаланишга топширилди
Узоқ Қўшработ туманининг “Жўш” қишлоғи 2019 йил “Обод қишлоқ” дастурига киритилган эди. Дастур асосида кўплаб қишлоқлар обод бўлди. Йўлларга асфалт ётқизилди. Боғча, мактаб, қишлоқ врачлик пунктлари, шифохоналар, савдо шаҳбчалари, дам олиш масканлари, маҳалла масканлари қурилди. Шунингдек, қишлоқдаги муқаддас қадамжо – XII асрга оид Жўш ота масжиди ва зиёратгоҳида ҳам ободонлаштириш, қурилиш ишлари олиб борилди. Ўтган бир йил мобайнида масжид ва мақбара биноси тўлиқ реконструкция қилинди. Мажмуа атрофида таҳоратхона, зиёратчилар дам олиш маскани ва бошқа маиший хоналар бунёд этилди, атроф боғга айлантирилди. Ушбу хайрли ишга вилоят, туман ҳокимликлари кенг кўламда ёрдам кўрсатдилар. Ўзларининг хайр-сахвати билан кўмак берган ҳомийлар ва доимий ҳашарда иштирок этган аҳоли вакиллари ҳам бу савобли ишдан четда қолмадилар.
Самарқанд вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов ушбу масжидда олиб борилган қурилиши-таъмирлаш, ободонлаштириш ишларида бош-қош бўлди. Ҳар ҳафта уч-тўрт кун устоларнинг иши билан танишиб, зарурий ашёларни етказишда камарбаста бўлиб турдилар. Оралиқ вақтларда эса вакил ўринбосарлари Ё.Мансуров ва Х.Саттаровлар масжид қурилишидан ўз жойига бориб хабардор бўлишди.
Бугун, 1 март куни олиб борилган меҳнатлар самараси ўлароқ Қўшработ тумани “Жўш ота” масжиди тўлиқ реконструкция қилиниб, намозхон ва зиёратчилар ихитёрига топширилди. Ушбу хурсандчилик онларида маҳалла оқсақоллари, кенг жамоатчилик, вилоятда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар, устозлар йиғилиб, шу кунларга етказгани, тинчлик-хотиржамлик учун Яратганга ҳамду санолар айтишди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ахборот хизмати
Киритилган вақти: 01/03/2020 18:15; Кўрилганлиги: 1163
Чоп этилган вақт: 15/09/2024 09:20