Имом-хатиблик масъулият, уни дилдан англамоқ лозим
Жорий йилнинг 20 ноябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов Каттақўрғон шаҳри ва Каттақўрғон тумани масжидларига ташриф буюрди.
Масжидлар ҳолати, имом хатиблар фаолияти билан яқиндан танишиш, имомларни руҳлантириш, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида амалга оширилган ташриф асносида З.Эшонқулов жойларда йиғилиш ўтказиб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун моҳияти, уни теран англаш ва аҳолига етказиш тўғрисида мулоҳаза юритиб, керакли тавсия ва кўрсатмалар бериб ўтди.
Бугун барча соҳаларда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ўзгаришлар бўлаётган бир пайтда масжидларни обод қилиш, ибодат учун зарур шарт шароитларни тўкис этиш, аҳоли билан ишлаш, халқнинг дарду-ташвишларини ўзиники деб билиш лозимлиги, бу борада сусткашликка йўл қўйиб бўлмаслиги борасида тўхталди.
Имомлар бугуннинг керакли ва муҳим шахслардан бирига айлангани, хусусан ҳозирда имом домлаларга шахсан Юртбошининг ўзи ишонч билдираётгани ҳақида сўзлаб, 15 ноябр куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселекторда имомлар зиммасига улкан вазифалар юклангани, жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш борасида имомларнинг роли муҳим аҳамият касб этиши таъкидлананини айтиб ўтди. Туман имом хатибларини сергак бўлиб, ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни теран англашга, одамларга унинг мазмун моҳиятини тўғри тушунтириб беришга чақирди.
Шунингдек, жойлардаги камчиликлар бош имом хатиблар ва масжид имомлари билан биргаликда муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш бўйича берилган қатор таклифлар тингланди ва якдил тўхтамга келинди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги ислоҳотлар даврида масжидлар фаолиятини такомиллаштириш муҳим вазифалардан биридир.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 21/11/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2089
Чоп этилган вақт: 14/12/2024 11:32