Имом-хатиблар учун маданий ва маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди
Имом-хатибларнинг ҳудудларда диний вазиятни соғломлаштириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, миллатлар ва диний конфессиялараро тотувликни таъминлашдаги ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этиб келади.
Шунга биноан, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан имом хатибларимизнинг диний ва дунёвий билимларини ошириш, маънавий-маърифий кўникмалари ҳамда дунёқарашларини юксалтиришга қаратилган тадбирлар мунтазам равишда амалга ошириб борилмоқда.
Жумладан, 2018 йилнинг 28 ноябрь куни имом-хатибларнинг Самарқанд шаҳридаги тарихий обида, муқаддас қадамжо, йирик саноат корхоналари ва бошқа диққатга сазовор жойларга саёҳатлари ташкил этилиб, ташрифлар давомида имомларга буюк ўзбек аллома ва мутафаккирлари ҳаёти, ижоди, уларнинг оламшумул кашфиётлари тўғрисидаги маълумотлар билан бир қаторда, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар мазмун-моҳияти атрофлича тушунтириб берилди.
Шу билан бирга, имомлар учун вилоят мусиқали драма театрида “Бир ўлиб кўрайчи!” номли спектакль намойиши ташкил этилди.
Жорий йилнинг 29 ноябрь куни “Шарқ юлдузи” кинотеатрида “Ҳаёт” номли бадиий фильм намойиши, Самарқанд шаҳри, Пастдарғом ва Пайариқ туманларида имом хатибларининг таниқли ижодкор (ёзувчи, шоир, рассом ва бошқа маданият ходим)лари билан учрашувлари ва намунали тарзда “Маънавият соат”лари ўтказилди.
Таъкидлаш лозимки, ташкил этилган саёҳат, театр ва кино томошалари, айниқса ижод аҳли билан ўтказилган учрашувлар имомларда катта таъсурот қолдирмоқда.
Шу билан бирга, имомларимиз бу каби маданий ва маънавий-маърифий тадбирлар дин вакилларининг маънавий етуклигини таъминлашга хизмат килиши шубҳасиз эканлигини таъкидлашиб, келгусида бундай тадбирларни мунтазам ташкил этиб боришни истамоқдалар.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 08/12/2018 00:00; Кўрилганлиги: 1547
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 17:34