Имом Бухорий номи БМТ бош минбарида янгради
2017 йил 19 сентябрь куни Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳрида иш бошлаган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг олий минбардан туриб бутун дунёга қилган мурожаатини ўзгача ҳаяжон билан кузатдик.
Президентимизнинг нутқ қилишдан олдин курсида ўтирган ҳолда таклифни кутиб туришлари, сессия раиси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни таклиф қиламиз”, дейилгач, салобат билан чиқиб, ёзувларни очишлари, микрафонни тўғирлаб дона-дона сўзлар билан cўз бошлашлари ҳар бир ўзбекистонлик қалбида ифтихор, юртбошига нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳисларини жўш урдирди.
Ҳали давлатнинг бошқарувига келганига қисқа вақт бўлишига қарамай, бу буюк йўлбошчининг асрга татигулик ишларни амалга оширгани, ички ва ташқи сиёсатда салмоқли ишларни йўлга қўйгани, бунинг самарасини нафақат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, балки қўшни давлатлар ҳам кўраётгани, баҳраманд бўлаётгани барча эътироф этган ҳақиқат. Шу қисқа давр ичида қилинган ишлар, тўпланган тажриба асосида олий минбардан туриб маъруза қилиш, кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган, шунинг билан бирга кўплаб муаммолар шунинг ечимига боғлиқ бўлган жиҳатларга тўхталишлари, дунё ҳамжамиятини бирлашишга, тинчликни сақлашга чорлашлари барчамизни тўлқинлантирди, бошимизда мустаҳкам иродали, мард ва жасур юртбоши турганига яна бир бор амин бўлдик.
Ўзбекистоннинг мақсад вазифалари, келажакда амалга ошириладиган ишлар, минтақавий ва жаҳон миқёсидаги муаммолар ва уларнинг ҳал этилиши бўйича аниқ фикр ва таклифлар кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинганига шубҳамиз йўқ.
Президентимиз дунё бўйлаб жамият манфаатлари ортга сурулиб, кўпроқ шахсий мақсадлар сари ҳаракат қилиш авжига чиққан вақтда «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» дея, бугунги куннинг кўплаб муаммолари ечими қайси тарафда эканига ишора қилиб ўтди.
Ш.Мирзиёев эртанги куннинг асосчилари бўлмиш ёшларга алоҳида эътибор қаратишга чақирар экан: “Бизнинг асосий вазифамиз - ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишдир”, дейиш билан 2 миллиардни ташкил этувчи бугунги дунё ёшларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозимлигини таъкидлади.
Исломофобия зўрайиб, мусулмонларга нисбатан салбий муносабат ортиб бораётган вазиятда, экстремизмга қарши фақат қурол билан курашиш етарли натижа бермаслиги, оқибат билан эмас, сабаб билан курашиш лозимлиги, бу борада Ўзбекистонда изчил ишлар олиб борилаётгани айтилганда балки кўпчилик бунинг моҳиятини аниқ англаб етмагандир. Ликен,экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқароларни ижтимоийлаштириш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш бу иллатнинг қайта урчимаслиги учун асосий боис бўлишини юртимиз мисолида днё оммаси ўзига дастуруламал қилиб олади.
Ислом дини тинчлик дини экани, унга хунрезликларнинг асоси, экстремизмнинг омили сифатида қарашни тўхтатишга чақирар экан, давлатимиз раҳбари: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, дейишлик билан динимизга нисбатан салбий муносабат юритиш мантиқсизлик эканини таъкидлаб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасидан дунё ҳамжамиятини шуни англадики, Ўзбекистон бугун ривожланишнинг янги босқичига чиққан. Ёшларнинг онги, маърифатини, салоҳиятини ўстириш ишларини муқаддас ислом дининг эзгу ғоялари асосида олиб бориш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бу юртнинг ривожланишидаги асосий тутган йўли ва ўз навбатида ўта натижа берадиган танловдир.
Зеро бугун буюк бобокалонимиз Имом Бухорий ҳазратларининг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқанд вилоятида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг мустаҳкам келажак қуриш борасидаги дастлабки одимларидир.
Токи, инсонлар қалбида маърифат, ўзаро ишонч, дўстлик туйғулари жой олмас экан, моддиётнинг қай даражадаги ривожланиш босқичига етилмасин, инсоният бир куни таназзулга учраши инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат. Бу ҳақида олис ўтмишнинг тарих варақлари ҳамиша бизни огоҳлантириб келади.
Ушбу ҳақиқатни теран англаган Ўзбекистон Президенти олий минбардан туриб БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди.
Кун сайин ортиб бораётган саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш, барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашда ушбу ва шунга ўхшаш битимлар, келишувларга дунё аҳли ҳаминқадар муҳтож экани англатиб қўйилди.
Бугунги Ўзбекистон дунё бўйлаб бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик тарафдори ва бунга бор имкониятини солиб ҳаракат қилади.Тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик сари ҳамкорликни кенгайтириш йўлидан собит боради.
Инсон, унинг эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш бу диёрнинг асосий мақсади ва ушбу йўлда энг оқилона танлов асосида белгиланган йўл орқали юриб бормоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг юрт ободлиги, унинг тараққий этиши, шу диёрда яшаётган ҳар бир фуқаронинг фаровон ҳаёт кечириши йўлида тинимсиз қилаётган меҳнатларига Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Жонажон Ўзбекистонимиз бошида ҳамиша тинчлик қуёши порласин ва олийжаноб халқимиз ўзининг олий мақсадларига эришсин.
Зайниддин домла Эшонқулов:
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом хатиби
Киритилган вақти: 21/09/2017 00:00; Кўрилганлиги: 1980
Чоп этилган вақт: 08/10/2024 17:11