Имом Аъзам жоме масжиди қайтадан қад рослади
2016 йил 24 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилояти, Самарқанд туманида жойлашган Имом Аъзам жоме масжидига ташриф буюришди. Ушбу масжид сўнги йиллар давомида тўлиқ таъмирдан чиқарилган бўлиб, намозхонлар ихтиёрига топшириш арафасида турган эди.
Масжиднинг дастлабки биноси 1880-1890 йилларда қурилган ва собиқ шўролар даврида турли мақсадларда фойдаланган.
Давлатимиз мустақилликка эришгандан сўнг турли соҳалар қатори мўмин-мусулмонлага ҳам эркинликлар берилди. Юртимизда кўплаб масжиду-мадрасалар қайтадан қад рослади, ибодат қилиш учун қулай шароитлар ҳозирланди.
Диёримиз узра олиб борилган кўплаб бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари қаторида эскириб, анчайинки яроқсиз ҳолатга келиб қолган Имоми Аъзам жоме масжиди биноси ҳам 1990-1991 йиллар давомида қайтадан бунёд этилди. 2013 йилгача масжидда турли таъмир ва қўрилиш ишлари олиб борилди. Масжид хонақоси ёнидан қўшимча хонақо, айвон, дарвозахона қурилди. Дарвозахона устида гумбаз ўрнатилди.
2013 йилга келиб эса мавжуд шарт-шароитларни яхшилаш, ибодат учун янада қулайликлар яратиш мақсадида масжидда капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Халқ ҳашари ва ҳомийлар кўмаги асосида масжид тубдан таъмирланиб, у ерда миллий ва замонавий меъморчилик уйғунлигида кўплаб ишлар олиб борилди.
Бугунги кунга келиб эса Имоми Аъзам жоме масжиди тўлиқ таъмирдан чиқарилди ва намозхонлар ихтиёрига топширилди. Қулай шароитларда ибодат қилаётган юртдошларимиз давлатимиз ҳаққига, унинг тинчлиги бардавом, келажаги порлоқ бўлишини сўраб дуои хайлар қилмоқдалар.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 24/12/2016 00:00; Кўрилганлиги: 2908
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 23:17