Ҳар-бир яхшилик бесамар қолмайди
Муқаддас динимиз – ислом динида инсон, шахс манфаати энг биринчи ўринга қўйилади. Қуръони каримнинг бир қатор ўринларида, бу умуминсоний юксак қадрият алоҳида таъкидланган. Ислом инсон учун лозим бўлган маънавий ва моддий манфаатлар уйғунлигини ўзида мужассам эта олган диндир.
Савоб ишлар сирасига яхши ва эзгу ишлар, яъни жамиятга фойдаси тегадиган амаллар киради. Шу жумладан, қуйидагиларни ҳам кўрсатиш мумкин: хайру саховат, муҳтожлар ва етимларга яхшилик қилиш, омонатдорлик, кечиримлилик, қариндош-уруғ билан силаи-раҳмда бўлиш, яхши қўшничилик, беморларни зиёрат қлиш, илм олишга ҳаракат қилиш ва ёшларни илмга даъват қилиш, жамиятда тинчлик-хотиржамликни таъминлашда фаол бўлиш; гуноҳ-маъсият ишлардан тийилиш ва ҳоказо.
Самарқанд шаҳридаги “Хўжа абду Мўмин” жоме масжиди имом-хатиби Жаҳонгир Ҳатамов ҳам ўзининг билим ва малакасидан фойдаланиб, муқаддас динимз кўрсатмаларини халққа етказиш, ёшларни салоҳиятли бўлиб вояга етишлари, уларни ҳир хил бузғунчи фирқаларнинг ғояларига алданиб қолмасликлари, жамият орасидаги иллатларни бартараф этиш борасида меҳнат қилиб келмоқда. Мўмин киши ҳалол меҳнат қилиб, ўзига, оиласига нафақа қилиши, ортганидан муҳтожларга улашиши, мазлумга ёрдам бериши, ожизларнинг ҳолидан хабар олиши, кишиларни яхшиликка чақириши, ёмонликдан қайтариши ва гуноҳлардан тийилиши айни савоб эканлигини кўп таъкидлайдиган домла шу кунларда муносиб эътибор қаратилаётган имконияти чекланган шахслар ҳолидан хабар олишда ҳам ўрнак бўлмоқда. Самарқанд шаҳрининг Ботир Зокиров номли маҳалласида яшовчи Ким Дмитрийнинг хонадонида уч нафар ногирон истиқомат қилади. Ким Дмитрий ва унинг турмуш ўртоғи жисмоний имконияти чекланган. Улар ногиронлик аравачасига, ўзгалар кўмгига муҳтож, кам таъминланган оилалардан ҳисобланади. “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан, бағрикенглик тамоилларига амал қилган ҳолда ушбу хонадон аҳлига Жаҳонгир домла ўзининг шахсий маблағи ҳисобидан ногиронлик аравачаси ҳадя қилди.
Ҳар-бир яхшилик бесамар қолмайди. Банданинг ихлоси, ниятига қараб, зарра миқдоридаги амалига ҳам Аллоҳ таоло ажр беради. Шунинг учун ҳам мусулмон кишига яхшилик эшиклари доимо очиқ. Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Киритилган вақти: 03/12/2019 11:23; Кўрилганлиги: 1365
Чоп этилган вақт: 09/02/2025 01:09