Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Дунёдаги энг катта 5 та масжид

 
 

Масжидлар нафақат ҳайратланарли даражадаги гўзал меъморий ёдгорликлар, балки улар мусулмон дунёсида муҳим диний, ижтимоий ва маданий маскандир. Ушбу мақолада дунёдаги энг катта 5 та масжид ҳақида маълумот берамиз.

1. Маккадаги Масжиди Ҳаром

 Ислом оламининг марказида – Макка шаҳрида жойлашган Масжиди Ҳаром дунёдаги энг катта масжид ҳисобланади. Масжид ер юзидаги энг биринчи ибодатгоҳ — Каъбани ўз ичига олади. Манбаларга кўра, Каъбани илк қурувчилари фаришталар бўлган. Ўзининг узоқ асрлик тарихи давомида масжид имкон қадар кўпроқ зиёратчиларни қабул қилиш учун бир неча бор қайта қурилган. Эндиликда Масжиди Ҳаром 1 миллионга яқин кишини сиғдира олади. Агар масжид атрофидаги ҳудудларни ҳисобга оладиган бўлсак, ибодат қилувчилар сони 2 миллиондан ошиши мумкин. Масжиднинг майдони 357 минг квадрат метрни ташкил қилади. Лекин масжид доимий равишда кенгайиб бормоқда. 

2. Мадинадаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиди Масжиди Набавий

 Пайғамбар алаҳиссалом масжиди дунёдаги иккинчи йирик масжиддир. Унинг қурилиши 622 йилда бошланган ва унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари иштирок этган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари мажмуа ичида жойлашган бўлиб, деворлар билан ўралган. Дафн қилинган жой устида яшил гумбаз қад ростлаган. Масжиднинг ҳозирги ўлчами илк бор қурилган масжид биносидан юз баробар катта. Дарҳақиқат, масжид ҳозир бутун Мадинанинг эски шаҳар қисмини деярли қамраб олади. Одатий кунлари Масжиди Набавийда 600 мингга яқин одам сиғади. Ҳаж ва Рамазон умраси вақтида 1 миллионгача зиёратчиларни қабул қилиши мумкин. Масжиднинг майдони тахминан 400 минг квадрат метрни эгаллайди.

3. Исломободдаги Файсал масжиди

 Покистон пойтахти Исломободда жойлашган Файсал масжиди дунёдаги энг катта учта масжиддан биридир. Масжид қурилишига Қирол Файсал ва Саудия Арабистони ҳукумат ҳомийлик қилган. Масжид биноси гўзал ҳудудда жойлашган. Шуниси эътиборга лойиқки, унинг дизайни мусулмонларнинг анъанавий архитектурасидан кескин фарқ қилади. Энг муҳими, бинонинг шакли кўчманчиларнинг чодирига ўхшайди. Масжиднинг дизайни қурилиш бошланган вақтда катта норозиликларга сабаб бўлди, аммо қурилиш тугагандан сўнг, танқидчилар нотўғри фикрда бўлганликларини тан олдилар. Файсал масжиди тахминан 300 минг кишини сиғдира олади. 

4. Жакартадаги Истиқлол масжиди

 Индонезия Мустақиллик масжиди ёки Истиқлол масжиди Жануби-Шарқий Осиёдаги энг катта масжиддир. 1949 йилда Индонезия мустақилликка эришди ва бу воқеани абадийлаштириш учун давлат пойтахтида катта масжид қуришга қарор қилинди. Масжид қурилиши 1961 йилда бошланган ва 120 мингга яқин намозхонларни қабул қилади.

5. Касабланкадаги Ҳасан II масжиди

Марокашнинг энг йирик шаҳри Касабланкада жойлашган Ҳасан II масжиди нафақат улкан ҳажми, балки гўзаллиги билан ҳам ҳайратга солади. Атлантика океани қирғоғида жойлашган масжид атрофида ажойиб манзара касб этган. Масжид 105 минг кишини сиғдира олади, майдони тахминан 9 гектарни ташкил қилади. Масжид қурилишига сарфланган 800 миллион долларнинг барчаси одамларнинг хайр-эҳсонлари ҳисобланади.

 Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани

бош имом-хатиби Ғулом Жуманов


Киритилган вақти: 29/05/2024 08:47;   Кўрилганлиги: 511
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/dunyodagi-eng-katta-5-ta-masjid
Чоп этилган вақт: 19/06/2024 00:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг