Дин мавзусида бирор гапни айтиш Аллоҳ ва Расули тарафидан гапириш ҳисобланади. Бу ишда ўта эҳтиёткор бўлиш керак
Бугун, 6 ноябръ куни вилоятимизнинг олис ҳудудларида жойлашган масжидларга тажрибали ва салоҳиятли имом-хатибларнинг Жума намозига ташрифи режаси юзасидан Нодир домла Маллаев Қўшробод туманида жойлашган “Пойи Фаришта” масжидига ташриф буюрди.
Имом домлаламиз мазкур масжидда йиғилган намозхонларга “ТЎҚИМА ҲАДИС ВА АСОССИЗ РИВОЯТЛАР КЕЛТИРИШНИНГ ХАТАРИ” мавзуси асосида сермазмун маъруза қилдилар.
Дин мавзусида бирор гапни айтиш Аллоҳ ва Расули тарафидан гапириш ҳисобланади. Бу ишда ўта эҳтиёткор бўлиш керак.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан кейин бу борада саҳобалар ажойиб ўрнаклар кўрсатишди. Хусусан, Қуръони каримни китоб ҳолига келтиришда, ҳазрати Умар ва Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳумо масжид эшигида туришди, Қуръон оятларини бирор нарсага ёзиб қўйган киши ўзи билан яна бир гувоҳни олиб келар, тўртовлари ҳа, бу Қуръондан, деб иттифоқ қилмагунларича у оят Қуръонга ёзилмас эди.
Ҳадиси шарифларни ривоят қилишда ҳам саҳобалар ниҳоятда эҳтиёткор эдилар. Бирорта ортиқча сўз қўшилишидан ҳам улар хавотир олишарди. Ҳадис айтишнинг масъулиятини кўрсатиш учун бир икки марта ҳазрати Умар ҳадис айтган саҳобалардан гувоҳ талаб қилдилар.
Ҳадис айтишдаги омонатдорлик кейинги даврларда ҳам давом этди. Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳим ва бошқа муҳаддислар саҳиҳ ҳадис китобларига ўзларига етиб келган ҳадисларни текшириб, Пайғамбаримизгача ишончли ровийлар занжири етиб борган бўлса, уни ёзиб қўйганлар. Ишончсиз, тўқима ҳадисларни қабул қилмаганлар, китобларига киритмаганлар.
Жума намози сўнгида жамоат билан Аллоҳ таолодан юртимиз тинчлигини, бутун дунёга раҳна солиб турган касалликнинг инсоният бошидан тезроқ аришини сўраб дуои хайрлар қилинди.
Аллоҳ таоло барчамизни Аҳли сунна вал жамоа йўлида собит қадам бўлишимизни насиб этиб, турли фирқа ва қарашлардан паноҳида сақласин!
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 06/11/2020 16:33; Кўрилганлиги: 1179
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 12:00