Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Билим ва кўникмалар ошиб бормоқда

 
 

Самарқанд вилояти имом хатиблар учун “маънавият соат”лари ташкил этилганлиги ва тизимли давом этаётгани ҳақида доимий маълумот бериб келмоқдамиз.

7 декабр, пайшанба куни ҳам вилоят бўйлаб масжидларда навбатдаги ўқув-машғулотлар бўлиб ўтди.

Машғулотларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-4969-сонли Фармойишининг мазмун моҳияти маънавият ва маърифат маркази шаҳар ва туман бўлими раҳбарлари томонидан имом хатибларга етказилди.

Шунингдек, бош имомлар томонидан Бош қомусимиз инсон ҳаётининг барча жиҳатларини, жумладан, унинг шахсий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлари ва виждон эркинлигини кафолатловчи муҳим ҳужжат эканлиги таъкидланди. Юртимиздаги барча диний ташкилотлар фаолияти ва айниқса, жамиятда имом-хатиблар энг кўп учрайдиган оила ва никоҳ, ота-она ва фарзанднинг бурч ва мажбуриятари тўғрисидаги моддаларни Қуръони карим оятлари ва ҳадислар шарҳи асосида қиёслаб берилди.

Яна бир эътиборли жиҳат, “Маънавият соат”ларининг сермазмунлик касб этиши учун китоб мутолааси йўлга қўйилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг қаламига мансуб “Сўраган эдингиз” ҳамда марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайнинг “Кифоя” китобидан маълум миқдор ўқилиб, зеҳнларга мустаҳкам ўрнашиши учун мунозара қилиб бориляпти.

Таъкидлаш лозимки, роппароса бир йилдан бери давом этиб келаётган “маънавият соат”лари натижаси ўлароқ имом хатибларимизнинг диний билимлари бир мунча ўсди ва вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган тадбирларга нисбатан фаолликлари сезиларли даражада жонланди, бу борадаги кўникма ва тажрибалари мустаҳкамланди.

Эслатиб ўтамиз, “маънавият соати” ўқув-машғулотлари ҳар ҳафтанинг пайшанба куни шаҳар ва туманлар кесимида масжидлар бўйлаб сайёр кўринишда олиб борилади.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 08/12/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2326
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/bilim-va-konikmalar-oshib-bormoqda
Чоп этилган вақт: 04/12/2024 13:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг