БАЙРАМ ОЛДИДАН УЧРАШУВ
Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан вилоятимизнинг барча жойларида “ГЎЗАЛ ВА БЕТАКРОРИМСАН, МУҚАДДАС ВАТАНИМ, ЖОНИМ СЕНГА ФИДО, ЎЗБЕКИСТОНИМ!” шиори остида байрам олди тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, жорий йилниниг 15 август куни вилоятимизнинг Нарпай туманидаги мавжуд ўн саккизта масжид имом-хатиблари билан “Нақшбандий” жоме масжидида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили Н.Исламов ва вакил ўринбосари З.Эшонқулов иштирок этдилар.
Йиғилишда вилояти вакили Н.Исламов сўзга чиқиб: “Муҳтарам имом-хатиблар, аввалом бор сизларни яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами муносабати билан муборакбод этаман. Хабарингизким, мустақилликдан илгари муқаддас ислом динимиз ниҳоятда хорланган эди. Яратганга минг шукрлар бўлсинки, мустақиллик шарофати ила ўз хуқуқимизга, диний қадриятларимизга, боболармиздан қолган тенги йўқ меросларга эга бўлдик. Жаҳон саҳнасида ўз ўрнимиз пайдо бўлди. Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтариб, ўзбек халқининг солаҳиятини, илмий даражасини, минглаб китоблар билан безатилган тарихини намаён қила олдик. Ҳар бир соҳада мисли кўрилмаган даражада ўзгаришлар бўлиб, айрим соҳаларда дунё рейтингида етакчи ўринларни эгалладик. Хусусан, бир пайтлар оёқ ости бўлган диний қадриятларимиз тикланиб, минглаб масжидлар очилди, мадрасалар фаолият бошлади, муборак ҳаж сафарига бориб келиш ишлари йўлга қўйилди. Бунинг шукронаси сифатида байрамни аъло кайфият билан ўтказишимиз, жойлардаги тадбирларда фаол иштирок этишимиз биз имом-хатибларнинг энг катта вазифамиздир”,- деб таъкидлади.
Шундан сўнг вакил ўринбосари З.Эшонқулов сўзга чиқиб: “Истиқлол шарофати билан халқимиз мана 25 йилдирки эркин нафас олмоқда. Ўз келажагига, фаровон ҳаётига ишонч билан яшамоқда. Қисқа муддат ичида она Ватанимиз таниб бўлмас даражада гуллаб яшнади. Ҳар бир соҳада катта-катта ижобий ўзгаришлар бўлди. Чекка олис қишлоқларда замон талабига жавоб берадиган мактаблар ва коллежлар қурилиб аҳолига олий даражада хизмат қилмоқда. Аллоҳ таолонинг берган неъматларига доимо шукр қилиб яшашимиз лозим. Зеро, ношукрлик катта офатларни олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръни каримда Иброҳим сурасининг 7 оятида: “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эсланг: “Қасамки, агар (берган) неъматларимга шукр қилсанглар, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию ношукрлик қилсангизлар, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, деб марҳамат қилган. Ҳар бир киши бугун яшаши учун кечаги кунини унитмаслиги керак. Кеча ким эдиму бугун ким бўлдим. Кечагидан кўра бугун яхши яшаяпман деб шукр қилиши лозим.”, - деб айтганлари имом-хатибларни янада серғайрат бўлишга ундади.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 15/08/2016 00:00; Кўрилганлиги: 2606
Чоп этилган вақт: 08/10/2024 17:06