Арафот тоғидан табрик ва дуолар
Зулҳижжа ойининг 9 куни Ҳожилар Мино водийсидан Арафотга келиб жойлашдилар. Ҳаж ибодатининг энг муҳим маносикларидан бири Арафот майдонида бир муддат туришдирҲаж ибодатининг энг муҳим маносикларидан бири Арафот майдонида бир муддат туришдир.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳаж – арафадир”, дея марҳамат қилганлар. Арафот шимолида Раҳмат тоғи бўлиб, унда Пайғамбар алайҳиссалом сўнгги ҳажларида машҳур вадоъ (видолашув) хутбасини қилганлар. Арафотда дуолар ижобат бўлиши таъкидлангани учун унда Раҳмат тоғига юзланиб Аллоҳ таолога ёлбориш, тавба-тазаррулар қилиш, раҳмат-мағфират сўраш суннат амаллардандир.
Амр ибн Шуаъйбдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси Арафот куни дуосидир”, дедилар”.
Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шундай экан ҳамма ҳожилар Арафот тоғига бориб, Аллоҳ таолодан гуноҳларининг кечиришини сўраб ёлвордилар. Юртдошларимиз ўзлари, аҳли оилалари, ёру дўстлари ва барча мўмин-мусулмонларнинг ҳақларига дуолар қилиб, Улуғ Мавлога илтижо қилмоқдалар. Юртимизнинг тинч, халқимизнинг фаровонлиги бундан ҳам зиёда бўлишини, уларни мана шундай муқаддас заминда ибодатга қоим бўлиб, дуога қўл очиб туришларига ҳисса қўшган, хизматларида камарбаста бўлиб турган барча мутасаддиларнинг ҳам қалбларидаги эзгу ниятлари рўёбга чиқишини сўрадилар...
Мана шундай табаррук масканда туриб Ўзбекистон мусулмонлари идоарси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон Республикаси Президенти ва барча юртдошларимизга Қурбон ҳайити табригини йўлладилар.
Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омонликда бўлсин. Ҳожиларимизни ҳам Аллоҳ таоло ибодатларини қабул қилсин!
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Киритилган вақти: 10/08/2019 18:55; Кўрилганлиги: 1196
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 12:54