Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Аллоҳнинг масжидларини обод қилувчилар

 
 

Жомбой шаҳрида жойлашган “Исломобод” жоме масжиди 1990-1995 йиллар давомида ҳашар йўли билан барпо қилинган. Масжиднинг ҳажми 18,0 м х 360,0 м.га тенг. Унинг қурилишида ўша даврдаги масжид имом-хатиби Турсунқулов домла Абдураҳмоновнинг кўп хизматлари синган.

2000 йилдан буён “Исломобод” жоме масжидига Хайруллоҳ домла Саттаров имом-хатиблик қилиб келмоқда. Кези келганда шуни айтиш лозимки, домла масжид имомлиги билан биргаликда 2017 йилга қадар Жомбой туман бош имом-хатиби вазифасида ҳам хизмат қилди. 2017 йилдан ҳозирги қадар Самарқанд вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари вазифасида ҳам ишлаб келмоқда.

Ҳозир “Исломобод” жоме масжидининг ташқи кўринишини янада кўркамлаштириш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Миллий меъморчилигимиз анъаналарига кўра хонақоҳ устида катта гумбаз барпо қилинди. Яна иккита кичик гумбаз ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Масжиднинг кириш қисмига айвон бино этилиб, деворлари ғиштпарчин ва нақшинкор кошинлар билан қопланмоқда. Юртимизга қадам ранжида қилаётган сайёҳлар аввало тарихий обидалар, муқаддас қадамжо ва масжидларимизни зиёрат қилмоқдалар. Обод ва гўзал масканларни кўриб, ҳар бир инсоннинг кўнгли яйрайди. Кундан кун обод масжидлар сони зиёда бўлиб бораётган бир пайтда “Исломобод” масжидининг қайта таъмирланиб, намозхонлар учун янада қулай шароитлар яратиш ва масжидни шинам масканга айлантириш мақсадида ҳаракат қилаётган масжид жамоаси ва бу савобли ишга ўз ҳиссаларини қўшаётган сахий кишиларга Аллоҳ таоло кўплаб ажру мукофатларини берсин. Аллоҳ таоло масжидларни обод қилувчилар ҳақида шундай деди: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси, 18-оят).

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 25/10/2019 16:52;   Кўрилганлиги: 1311
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/allohning-masjidlarini-obod-qiluvchilar
Чоп этилган вақт: 01/05/2024 14:54
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг