АЛЛОҲ АЗЗА ВА ЖАЛЛА КЕЧИРИМЛИ ЗОТ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони имзоланган эди.
Фармонга мувофиқ, содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро афв этилди.
Уларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниб, ота-онаси, фарзандлари ва яқинлари бағрига қайтарилади, шунингдек, 214 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш жазо муддатлари қисқартирилади.
Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафарини аёллар, 1 нафарини чет эл фуқароси ташкил этади.
Уларнинг 12 нафари Самарқанд вилоятидан. Кеча Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимликлар, жамоатчилик вакиллари, депутатлар иштирокида ана шу шахслар билан суҳбатлашди. Авф этилган Самарқандликларнинг асосийлари ёшлар эди. Вилоят ҳокими авф этилган шахслар билан бирма бир суҳбат қилар экан, уларнинг дилидаги самимий гапларини эшитди. Жумладан, жазони ижро этиш муассасасида мебелсозликни ўзлаштирган фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланиб, мебел цехи очиш ниятида эканлигини маълум қилди. Самарқанд Давлат Университетида ўқиш ва араб тилини ўрганиш истагини билдирган ёшлар ҳам бўлди. Вилоят ҳокими тадбиркорликни йўлга қўйувчилар учун ҳеч қандай бадалсиз кредит маблағлари ажрталиши, ўқиш истагида бўлганларга эса репетитор кўмаги тавсия этилиши ва саломатлигини тиклаш зарурати бўлганлар юзасидан тегишли ташкилот ва масъулларга топшириқлар берди. Авф этилганларнинг ижтимоий мослашуви, фойдали меҳнатга жалб этилиши ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш юзасидан масъулларнинг вазифалари белгиланди.
Халқимизда “Беайб Парвардигор” деган ҳикмат бор. Инсон хатодан ҳоли эмас. Одамлар бир-бирларининг хатоларини кечириши, тузатиши уларнинг олийжаноб хулқ эгаси эканидан далолат беради. Кечириш қалбларимизни гина-кудуратлардан, хафагарчилик ва озорлардан сақлайди.
Муқаддаси динимзда ҳам кечиримлиликнинг фазилати мадҳ этилгандир. Абу Можид ат-Таймийдан ривоят қилинади: “Исломда биринчи ўлдирилган ёки мусулмонлар ичида биринчи бўлиб ўлдирилган кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб келинди. Шунда кимдир “Эй Аллоҳнинг Расули, бу одам ўғрилик қилган” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитиб қаттиқ қайғуга ботдилар, ҳатто бу ҳол юзларидан билинди. Баъзилар: “Сизга нима бўлди, эй Аллоҳнинг Расули?” деб сўрашди. У зот: “Сизлар соҳибингизга қарши шайтонга ёрдамчилик қилиб турганингиздан кейин мени ҳеч нарса тўсолмайди. Аллоҳ азза ва жалла кечиримли зот. У кечиришни яхши кўради. Бир ишга раҳбар бўлган одамнинг олдига ҳадга лойиқ кимса келтирилса, унга ҳадни қоим қилмаслиги жоиз эмас” деб “...Балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир” оятини ўқидилар”. Имом Аҳмад ривояти.
Давлат раҳбари фармонда қайд этганидек, жиноят содир этган шахсларни фақат жазолаш эмас, балки “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида қайта тарбиялаш, уларнинг ўз ҳалол меҳнати билан жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун барча бирдек масъул.
ЎМИ самарқанд вилоят вакили Зайниддин домла Эшонқулов
Киритилган вақти: 07/06/2019 00:00; Кўрилганлиги: 1217
Чоп этилган вақт: 07/11/2024 02:21