Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Албатта Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради

 
 

Муқаддас динимиз таълимотларида поклик иймондан деб хисобланади. Ислом поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий назар билан карайди. Ҳадиси шарифда: “Албатта Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради, тозадир тозаликни яхши кўради, олийжанобдир олийжанобликни яхши кўради, сахийдир саховатни яхши кўради.

Бас, ҳовлиларингизни тоза тутинглар, яҳудийларга ўхшаб қолманглар”, дейилади (Термизий ривояти).

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги фармойишига биноан жорий йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 17-18 август умумхалқ хайрия ҳашари кунлари, деб эълон қилинди. Халқимизнинг меҳнатсеварлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик рамзига айланган ушбу ҳашарлар юртимизнинг барча ҳудудларида, энг чекка қишлоқ ва овулларда, маҳаллаларда ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Шу кунлари вилоятимиздаги барча масжидлар, зиёратгоҳлар ва уларга туташ қабристонларда ҳам оммавий ҳашар бўлиб ўтди. Масжид жамоаси, маҳалла фаоллари уюшқоқлигида, ички ва ташқи ҳудудлар, ариқлар тозаланди. Дарахтларни оқлаш ва ортиқча шохларини кесиш ишлари амалга оширилди. Қабристонлар, қаровсиз қолган жойлар ободонлаштирилиб, тартибга келтирилди.

Ҳашар кунлари кам таъминланган, алоҳида эҳтиёжли оилалар, нуронийлар, боқувчисини йўқотганларга кўмак кўрсатиш, беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг уйларини таъмирлаш, моддий ва маънавий ёрдам бериш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилди. Жумладан, Ургут туман ҳокимлиги, маҳалла фаоллари ҳамда тумандаги жоме масжидлар ходимлари томонидан  Ургут туман  Жарқишлоқ  маҳалласидан икки нафар кам таъминланган фуқароларга  ҳашар йўли билан уй жой қуриб бериш ишлари бошлаб юборилди. 17-18 август кунлари ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида масжид жамоалари ва маҳалла фаолларидан иборат йигирма мингга яқин одам иштирок этди.

 

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 19/08/2019 16:28;   Кўрилганлиги: 1163
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/albatta-alloh-pokdir-poklikni-yaxshi-koradi
Чоп этилган вақт: 03/03/2024 18:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг