Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

“Йил имоми–2024” танловининг Самарқанд вилоят босқичи бўлиб ўтди

 
 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишларнинг амалдага оширилаётгани янги очилаётган масжидлар, мадрасалар, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари, умра квотаси олиб ташлангани, ҳаж квотаси оширилгани ва яна бошқа кўплаб ислоҳотлар мисолида яққол кўриш мумкин.

Шунга монанд тарзда халқимизнинг ҳам маърифати юксалиб, савияси ошиб, муқаддас динимизнинг соф таълимотидан яхшигина хабардор бўлиб боряпти. Бу эса имом-хатибларимиздан ўз устида тинимсиз ишлаш, изланиш, кўп китоб мутолаа қилиш, замон билан ҳамнафас яшашни талаб этмоқда.

Табиийки, бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йил имоми” кўрик-танлови имомларнинг билим савияси, тажрибалари янада ошишида, малакалари мустаҳкамланишида, улар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугун Самарқанд вилоят вакиллиги мажлислар залида “Йил имоми –2024” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда Самарқанд вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, таниқли имомлар, устозлар, ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган имомлар иштирок этди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирни вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров очиб бердилар.

Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра қуйидагилар “Йил имом–2024” танловининг Самарқанд вилояти босқичи ғолиби деб топилди:

I ўрин: Зафар домла Махмудов, Самарканд шаҳар бош имом-хатиби ҳамда “Хўжа Абду Дарун” масжид имом-хатиби;

II ўрин: Нажмиддин домла Ҳамзаев, “Ғўс” масжиди имом-хатиби;

III ўрин: Мусахон домла Мажидхонов “Човка” масжиди имом-ноиби.

Тадбир сўнгида ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги ва ВАҚФ хайрия жамоат фонди вилоят филиали томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

“Йил имоми – 2024” кўрик-танловининг Самарқанд вилояти босқичи ғолиби танловнинг республика босқичида қатнашади.

Фурсатдан фойдаланиб, биринчи ўринни қўлга киритган вакилимизни танловнинг республика босқичида муваффақият қозонишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 14/09/2024 17:25;   Кўрилганлиги: 2734
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/events/yil-imomi2024-tanlovining-samarqand-viloyat-bosqichi-bolib-otdi
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 22:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг