Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

Шукроналик – неъматни зиёда қилади

 
 

Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсинки, исломнинг беш рукнидан бири бўлган ҳаж ибодатини адо этдик. Бу йилги ҳаж мавсуми ва унга тайёргарлик юқори даражада амалга оширилди.

Самарқанд вилоятидан жами 950 нафар зиёратчилар Самарқанд шаҳрида кўтаринки кайфиятда кузатилди. Бўлажак ҳожиларимиз Самарқанд шаҳридан тўғри Мадинага парвоз қилдилар. Бу ҳам сафар қилувчилар учун анча енгиллик эди. Мадина шаҳридаги Масжиди набавийга яқин барча шароитларга эга меҳмонхоналарга жойлашган зиёратчиларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида ибодат қилиб, равзаи муборакни зиёрат қилдилар. Мадина ва унинг атрофидаги табаррук масканларда бўлдилар. Ҳажнинг асосий арконлари бажариладиган Макка шаҳрига кўчиб ўтган зиёратчилар учун бу жойда ҳам ҳар томонлама қулай меҳмонхоналар ҳозирланган эди. Мадинадан эҳром боғлаб йўлга чиққан ҳожилар талбия айтган ҳолда Маккага кириб келдилар ва дастлаб умра ибодатини амалга оширдилар. Ҳаж кунлари бошланганга қадар муфтий ҳазратлари бошчилигида уламолар ва гуруҳ раҳбарлари бўлғуси ҳожиларга ҳаж ва унинг арконлари ҳақида батафсил тушунчалар бериб борди. Юртимиздан борган зиёратчилар ўзлари учун ҳозирланган шароитлар, мутасаддиларнинг хизматларидан мамнун бўлдилар. Айниқса, юртбошимизнинг муфтий ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларнинг аҳволлари, кайфиятлари ва шароитлари билан қизиққани барчани бирдек хурсанд қилди. Ушбу суҳбат жараёнида олдинга сурилган масала ва таклифлардан хабардор бўлган ҳожилар ўзларининг олдиларига юксак мақсад ва вазифаларни белгилаб олишди. Ватанга қайтганларидан сўнг маҳалла аҳлини шукроналик туйғулари билан яшашликка, ёшларни адашмасликка, илм ва касб эгаллашларида даъватчи бўлишга аҳд қилдилар. Шунингдек, Президентимизнинг бутун Ўзбекистон халқига йўллаган Қурбон ҳайити табриги яна ҳам кўнгилларга шодлик улашди.

Ушбу сафардан кўзланган асосий мақсад бўлмиш ҳаж ибодати бекамукўст адо этилди. Юртимиз, хоссатан вилоятимиздан борган ҳар бир ҳожи ҳаж амалларини тўлиқ ва мукаммал адо этди. Чунки, ҳукуматлараро келишув ва икки мамлакатнинг ҳаж ишлари бўйича масъулларининг келишуви асосида ҳаж амаллари бажариладиган Мино, Арофот, Муздалифа мавзеларида яратилган шароитлар аъло даражада эди.  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, раҳбарлар, ишчи гуруҳ, малакали гуруҳ раҳбарлари ва бошқа хизматчилар кўмаги билан қийнчиликсиз амаллар ўз вақтида бажарилганидан ҳар бир ҳожимиз рози бўлмоқда. Шу ўринда бир мисол келтирмоқчиман. Биз билан бирга қарийиб тўқсон ёшни қоралаган нуроний Аҳтам бобо ҳам ўз ибодатларини бажарди. Ёшлари улуғ бўлишига қарамай қийинчиликларга дуч келмаган отахон ота боболари орзу қилиб ўтган ҳаж амалини бажаргани учун Аллоҳ таолога шукрлар изҳор қилдилар. Шу билан бирга барча шроитларни муҳайё қилган давлат раҳбари ва мутсаддиларга раҳматлар айтдилар.

Мана ҳаж амаллари ҳам адо этилди. Мен ўз номимдан ва барча самарқандлик ҳожилар номидан ҳаж ишларини ташкиллаштиришдаги имкониятлар учун мутсаддиларга миннатдорчилигимини изҳор қиламан.

Шу ўринда ҳожиларимизни кутиб турган яқинларига уларни кутиб олишда дабдабозлик ва риё амаллардан сақланишга чақириб қоламан. Улар учун катта зиёфатлар уюштириб, манманлик ва хўжамкўрсинликка қўл уриб қўйишларидан эҳтиёт бўлишларини эслатиб ўтмоқчиман. Ҳаж бу Аллоҳ таоло буюрган фарз амалдир. У Аллоҳнинг розилиг учун амалга оширилади. Бир фарзни бажаргач учун уни эълон қилиш шартэмас. Унинг ўрнига ушбу маракалар учун кетадиган харажатларни муҳтожларга ҳадя қилинса бу катта савобдир.

Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун Ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади”, дедилар”.

Илоҳим, Аллоҳ таоло барча ҳожилардан амалларини қабул айласин. Ҳажларини қабул ҳажлардан қилсин.

Ёқубжон домла Мансуров

Самарқанд вилоят бош имом хатиби в.в.б.

Макка шаҳри


Киритилган вақти: 20/06/2024 13:31;   Кўрилганлиги: 1060
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/events/shukronalik-nematni-ziyoda-qiladi
Чоп этилган вақт: 14/12/2024 11:58
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг