Пахтачи тумани аҳолиси имом-хатибларимиздан мамнун бўлишди
Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси навбатдаги сайёр йиғилиш Пахтачи туманида ўтказилди. Тадбирлар олдидан вилоят вакиллиги ходими Х.Темиров ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, ўзининг керакли кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди. Шундан сўнг, Хасан домла Темиров Нуробод тумани бош имом-хатиби Р.Равшанов ҳамда Пахтачи тумани бош имом-хатиби И.Исаевлар ҳамроҳлигида туман марказидаги “Хўжа Зиёвуддин” жоме масжиди ҳудудидаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди. Қолаверса, туман ФҲДЁ бўлимига ҳам ташриф буюриб, оила қурвчи ёшлар билан “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Оилада эр ва хотин вазифалари” мавзуларида маърифий суҳбатлар ўтказди.
Қолган бош имом-хатиблар ва иқтидорли имом-хатиблар ҳам тақсимот асосида тумандаги мавжуд 12 та масжид имом-хатиблари ва ноиблари ҳамда 2024 йилда Ҳаж ибодатига бориб келган ҳожилар ҳамроҳлигида 18 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг ИҲМ, ногиронлиги бор, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва нотинч оилалар хонадонларига кирилиб, улардан ҳол-аҳвол сўралди. Ҳадиси шарифда: “Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг севиклиси одамларга кўп манфаати етказадиганидир” (Имом Табароний ривояти), дейилган.
Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Пахтачи туманидаги 12 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Қўшничилик одоблари ва ҳақлари”, “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш одоблари”, “Тинчлик қадри”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборсиз бўлмайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Неъматларга шукр қилиш фазилати”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва бошқа, бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.