Ўз жонига қасд қилиш ўзини-ўзи дўзахга отишдир
Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратган. Инсон мўмин бўлсин ёки бўлмасин, у инсонлиги учун азиздир. Аллоҳ таоло инсонга омонат қилиб ҳаётни, умрни берган. У инсон бу умридан тўғри фойдаланиши, Аллоҳ қайтарган ишлардан сақланиши лозим бўлади. Чунки биздаги жон, биздаги аъзоларнинг эгаси биз эмасмиз. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг мулкидир!
Замонамизнинг кўзга кўринган олимларидан бири Шайх Юсуф Қарзовий шундай дейди: “Инсоннинг ҳаёти ўзининг мулки эмас. Чунки инсон нафақат ўзини ўзи, балки битта ҳужайрасини ҳам ўзи яратган эмас. Инсоннинг жони Аллоҳ таолонинг унга берган омонатидир. Шунинг учун у ўз жонига нисбатан камчиликка йўл қўйиши ёки тажовуз қилиши жоиз бўлмайди”.
Вилоятимизнинг Қўшрабод туманида аҳоли билан ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича бир қанча тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда. Ана шундай тадбирларнинг навбатдагисида вилоят бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов иштирок этди. “Ўз жонига қасд қилиш ўзини-ўзи дўзахга отишдир” мавзусида бўлиб ўтган мулоқотда вилоят бош имом хатиби қуйидагиларни гапирди:
“Ёши улуғларимизнинг айтишларича яқин вақтларгача халқимиз орасида ўз жонига қасд қилиш деган тушунча бўлмаган. Ҳақиқатдан ҳам ёшлик чоғларимизда бу каби ҳолат ҳақида эшитмас эдик. Афсуски, кейинги йилларда бу иллатга тез-тез дуч келиб турибмиз. Биз ўлимни шубҳасиз эътироф қиламиз. Лекин шу ўлимни ўзимиз ихтиёр қилишга, бу азиз жонга суиқасд қилишга асло ҳаққимиз йўқ! Чунки Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ўз жонига қасд қилиш қаттиқ қораланган. Жумладан:
“Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси, 195-оят), “Ўзларингизни ўлдирмангиз!” (Нисо сураси, 29-оят).
Ўз жонига қасд қилиш билиттифоқ ҳаромдир. Шунингдек, у Аллоҳга ширк келтиришдан кейин турадиган гуноҳи кабираларнинг энг катталаридан ҳисобланади. Уламолар ўз жонига қасд қилишнинг гуноҳи ўзгани қатл қилишдан кўра оғирроқ эканига қарор қилишган. Баъзи ҳадисларнинг зоҳири ўз жонига қасд қилган кишининг дўзахда абадий қолишига далолат қилади”.
Тадбир давомида “Вақф” хайрия жамоат фондининг вилоят филиали томонидан ҳомийларни жалб қилинган ҳолда бир бош туя қурбонлик қилиниб, эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Киритилган вақти: 02/11/2019 13:02; Кўрилганлиги: 1739
Чоп этилган вақт: 15/10/2024 15:17