Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

ОРЗИҚИБ КУТИЛГАН ОНЛАР БОШЛАНДИ

 
 

Умри давомида бир марта ҳажга бориб, муқаддас маконларда, икки Ҳарамда улкан ажрларни қўлга киритиб, Арафотда туриб, Сафо ва Марва тепаликларида саъй айлаб, жаннатни ўзига вожиб қилиб олишни орзу этмаган инсон бўлмаса керак.

Аллоҳга шукрки, орада икки йил танаффусдан сўнг умр сафари – ҳажга яна йўллар очилди. Орзиқиб кутилган онлар бошланди. Буюк Раббимизнинг инояти ила сабримизга яраша ҳажнинг квотаси кўпайтириб берилди. Бунинг учун Яратганга қанча шукрлар қилсак кам.

Бугун ҳожиларнинг дастлабки карвони муқаддас манзилларга йўл олишди. Илк бешта гуруҳ Самарқанд халқаро аэропортидан йўлга отланди. Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов минг боши сифатида бир ой муқаддас заминда юртимиз ҳожиларига ҳажнинг арконларини бекаму кўст бажаришда йўл-йўриқ ва тавсиялар бериб боради.

Ҳожиларни кузатиш учун шахсан вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ташриф буюрдилар. Кузатув давомида вилоят ҳокими бутунлай янгича кўриниш касб этган мазкур аэропортда йўловчилар учун яратилган шароитлар ва қулайликларни тилга олиб, зиёратчиларга оқ йўл тилади.
Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур, саъйларини машкур, гуноҳларини мағфур қилсин, сафарларини бехатар айласин.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 26/06/2022 02:41;   Кўрилганлиги: 463
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/events/orziqib-kutilgan-onlar-boshlandi
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 13:44
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг