НУРОБОД ТУМАНИДА САЙЁР ЙИҒИЛИШ БЎЛИБ ЎТДИ 13.08.2024 Й
Бугун, 2024 йил 13 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси ҳамда йиллик иш режасига асосан ва албатта вилоят ҳокимлигининг жамоат ҳамда диний ташкилотлар билан ишлаш бўлими, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоятдаги ҳамда унинг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган навбатдаги сайёр йиғилиш Нуробод туманида ўтказилди.
Тадбирлар олдидан вилоят бош имом-хатиби в.в.б. Ёқубжон домла Мансуров ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, ўзининг керакли кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди. Шундан сўнг, Ёқубжон домла мазкур масжид ҳудудидаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди. Қолган бош имом-хатиблар ва иқтидорли имом-хатиблар ҳам тақсимот асосида тумандаги мавжуд 14 та масжид имом-хатиблари ва ноиблари ҳамда жорий йил Ҳаж ибодатига бориб келган ҳожилар ҳамроҳлигида ҳудудларга тарқалиб, жойларда аҳолининг ИҲМ, ногиронлиги бор, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрдилар. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Нуробод туманидаги 14 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Қўшничилик одоблари ва ҳақлари”, “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш одоблари”, “Тинчлик қадри”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборсиз бўлмайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Неъматларга шукр қилиш фазилати”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва бошқа, бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.
Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Нуробод туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби в.в.б. Ёқубжон домла Мансуров ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг тумандаги мутахассиси бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш, яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами муносабати билан барча масжидлдарда тозаликни таъминлаш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Мазкур тадбирлардан сўнг, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 13/08/2024 16:54; Кўрилганлиги: 2122
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 23:27