Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

Навбатдаги сайёр йиғилиш Самарқанд шаҳрида ўтказилди

 
 

Бугун, 2024 йил 28 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси ҳамда йиллик иш режасига асосан навбатдаги сайёр йиғилиш Самарқанд шаҳрида ўтказилди. Тадбирлар олдидан вилоят вакиллиги ходими Х.Темиров ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, ўзининг керакли кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди.

Мазкур тадбирлардан сўнг, Хасан домла Темиров Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби З.Маҳмудов ҳамроҳлигида шаҳaр марказидаги “Хўжа Абду Дарун” жоме масжиди ҳудудидаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди.

Шундан сўнг, Самарқанд шаҳрида жойлашган 59-сон кўзи ожизлар мактаб интернатига бориб, у жойда тарбияланаётган ўқувчи ёшлар билан суҳбат ўтказди. Суҳбат чоғида З.Маҳмудов инсон қадр-қимматининг Аллоҳ таолонинг наздида нақадар улуғ эканлиги, ёшлик даврининг қадри тўғрисида ояти карима ва ҳадиси шарифлардан намуналар келтириб маъруза қилиб берди. Шунингдек, “Самарқанд вилоят ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази”да ҳам тадбир ташкил қилинди. Мазкур маскандаги 45 нафар кўнгли ўксик нуроний отахон ва онахонлар  билан дилдан сyҳбатлашилди.

Суҳбатдан кўнгиллари шодликка тўлган нуронийлар аввало бундай суҳбатларга сабабчи ва бош бўлиб турган ҳурматли Юртбошимизга ҳамда диний соҳа ходимлари хусусан Самарқанд вилояти имом-хатиблигига чин дилдан миннатдорчилигини изҳор қилдилар ҳамда халқимиз ва раҳбарларимиз ҳаққига доим дуода эканликларини кўзларида ёш билан тилга олдилар.

Қолган бош имом-хатиблар ҳам тақсимот асосида шаҳардаги 23 та масжид имом-хатиблари ҳамда 2023-2024 йилларда Ҳаж ибодатига бориб келган ҳожилар ҳамроҳлигида 30 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг 150 дан зиёд ногиронлиги бор, ИҲМ, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрдилар. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Самарқанд шаҳридаги 23 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Қўшничилик одоблари ва ҳақлари”, “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш одоблари”“Тинчлик қадри”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборсиз бўлмайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Неъматларга шукр қилиш фазилати”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва бошқа бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар.

Шундан сўнг, Ҳасан домла “Хўжа Абду Дарун” жоме масжидида жамоат билан бирга Пешин намозини адо этди. Намоздан сўнг, Пастдарғом тумани “Бешнайман” жоме масжиди имом-хатиби Аъзамхон домла Расулов жамоатга “Аллоҳнинг неъматларига шукроналик” мавзусида мазмунли маъруза қилиб берди.

Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров ва Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби З.Маҳмудовлар бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш, муборак Рамазон ойига барча масжидларни тайёрлаш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.

Мазкур тадбирлардан сўнг, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллги Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 28/01/2025 19:30;   Кўрилганлиги: 3123
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/events/navbatdagi-sayyor-yigilish-samarqand-shahrida-otkazildi
Чоп этилган вақт: 15/10/2025 20:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг