Нарпай туманида сайёр учрашув ўтказилди
Бугун, 2024 йил 22 октябрь куни навбатдаги сайёр йиғилиш Нарпай туманида ташкил қилинди. Тумандаги мавжуд 18 та масжид имом-хатиблари ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари ҳамда иқтидорли имом-хатиблар тумандаги 18 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилаларга ташриф буюрди.
Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Нарпай туманидаги 18 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Тинчлик-энг олий неьмат”, “Қўшничилик ҳақлари”, “Неъматларга шукроналик”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлайлик”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва шу каби бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.
Вилоят вакиллиги мутахассиси Х.Темиров Нарпай туманидаги “Нақшбандий” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллолари ва отинойилари билан фаолиятларини янада жадаллаштириш, маҳалла муллоларининг никоҳларни ўқимаслиги, маҳалла муллолари учун хафтанинг ҳар душанба куни, отинойилар учун эса хафтанинг ҳар шанба кунини МФЙ раислари ҳамда фаоллари билан ҳамкорликда аҳоли билан ишлаш куни этиб белгилаш, уларнинг аҳоли билан “Сабр тоқат”, “Иймон эътиқод”, “Ибо ҳаё”, “Аёллар ўртасида ичкиликнинг олдини олиш”, “Таълим тарбия”, “Бидъат-хурофот”, “Ажримларнинг олдини олиш”, “Ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик” ва “Жиноятчиликнинг олдини олиш” каби кўпроқ маърифий суҳбатлар ташкил қилиш ҳамда соҳа ходимларининг аввало ўзлари халққа намуна бўла олишлари борасида давра суҳбати ўтказди. Шундан сўнг, Ҳ.Темиров мазкур масжидда жамоат билан Пешин намозини адо қилдилар ва намоздан сўнг жамоатга “Неъматларга шукроналик” мавзусида мазмунли маъруза қилиб бердилар.
Мазкур тадбирлардан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Нарпай туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, туманда диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар ва намозхонлар томонидан қилинаётган шикоятлар муҳокама қилинди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби в.в.б. Ё.Мансуров ҳамда туман бош имом-хатиби И.Амириллаев бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунингдек, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳолининг муаммоларини янада чуқурроқ ўрганиб, уларни бартараф этиш, улар билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Киритилган вақти: 22/10/2024 21:36; Кўрилганлиги: 1162
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 22:21