Каттақўрғон шаҳрида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Бугун, 2024 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг ташаббуси ҳамда йиллик иш режасига асосан ва албатта вилоят ҳокимлигининг жамоат ҳамда диний ташкилотлар билан ишлаш бўлими, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоятдаги ҳамда унинг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган навбатдаги сайёр йиғилиш Каттақўрғон шаҳрида ўтказилди.
Шаҳардаги мавжуд 5 та масжид имом-хатиблари ва ноиблари, маҳалла муллалари ҳамда ҳамкор ташкилот масъулларининг ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари шаҳардаги 17 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ИҲМ ва шу каби тоифадаги оилаларга ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ташкил қилдилар. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда, вилоят ишчи гуруҳи Каттақўрғон шаҳридаги 5 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Сабрнинг ажри улуғ”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлайлик”, “Шукр қилиш фазилати”, “Ёшликни ғанимат билинг”, “Фитналарга берилмайлик”, “Тинчликнинг қадрига етинг”, “Силаи раҳмнинг фазилатлари”, “Бидъатларнинг тарқалишига йўл қўймайлик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ота-онага яхшилик қилиш улуғ савоб”, “Интернетдан фойдаланиш одоблари”, “Ёт ғояларга алданманг”, “Илм олишнинг фазилатлари” ва бошқа бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.
Шаҳардаги 5 та масжидда Пешин намози ўқилиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маърузалар қилинди. Унда 700 нафардан зиёд намозхонлар иштирок этишди.
Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Каттақўрғон шаҳридаги маҳаллаларда ва масжидларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят вакиллиги ходими Ҳ.Темиров бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ободончилиги ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан масжидларни доим озода сақлаш, таъмирлаш ишларига эътиборли бўлиш, аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Мазкур тадбирлардан сўнг, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Киритилган вақти: 29/10/2024 22:23; Кўрилганлиги: 992
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 22:22