Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

Байрамга ҳақиқий туҳфа

 
 

Бугунги сана мамлакатимиз аҳолиси учун катта шодиёналик куни ҳисобланади. Аввало, мустақиллик куни байрами бўлса, ўқувчилар учун таҳсилнинг бошланиши – билимлар куни ҳамдир. Юртимизда мана шундай байрам кунларига туҳфа ҳозирлаш анъанага айланган. Булунғур туманининг энг чекка манзилларидан бири Чорбоғ маҳалласида мактаб йўқ эди. Ёшлар ўзлари яшайдиган маҳалладан анча олисда бўлган мактабга қатнар эди. 

Бу эса қишнинг совуғи ва иссиқ кунларнинг тафтида болажонларга қийинчилик келтираётган эди. Бу машаққатларни аритиш мақсадида, самарқандлик тадбиркор Илҳом Аслам ҳожи ўғли ўз маблағи ҳисобидан Чорбоғ маҳалласида 240 нафар ўқувчини бир вақтнинг ўзида бағрига сиғдира оладиган, янги, икки қаватли, замонавий мактаб биносини қуриб, ички жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаган ҳолда шу ўқув йилидан ушбу масканда дарсларни бошлаш учун барча шароитларни тайёрлаб берди. Ҳар бир киши имкониятидан келиб чиқиб, вафот этган ота оналаринининг ҳақларига савоб етиб туриши учун садақаи жория қилишлари мумкинлиги ҳадиси шарифларда баён қилинган. Илҳом ҳожи бу хайрли ишларни марҳум падарбузриквори Рустамов Аслам ҳожи Исмоилзода ва меҳрибон оналари Рустамова Гулсара Ёдгорзода хотираларига бағишлаб, то қиёмат кунига қадар уларга савоб етиб туришини мақсад қилган.

Бугун вилоят бош имом хатиби вазифасини бажарувчи Ёқубжон домла Мансуров ушбу илм масканининг очилишида иштирок этди. Унда сўз олиб, Аллоҳ таоло томонидан инсонларга берилган бойлик неъматини яхшилик ишларига, айнан, мана шу каби илм йўлига сарфлашлари энг катта савоб эканлиги, бу амал ҳам охират, ҳам динимиз ва дунёмиз учун ҳам нажот йўли эканлигини таъкидлаб, халқимизни шу сингари хайрли ишларга даъват этиб, чорлаб қоламан, деди. Тадбирда барча қатнашчилар билан бирга эҳсон соҳибларининг ва ҳаёти дунёдан ўтган ота оналарининг ҳақларига дуои хайрлар қилди. Маҳалла аҳолиси, айниқса ўқувчи ёшларнинг хурсандчилиги юзларидан балқиб турар эди. Улар учун унутилмас ҳодиса ва байрамга ҳақиқий туҳфа бўлди, десак, муболаға бўлмайди.

Аллоҳ таоло эҳсонларини қабул қилсин. Марҳумларнинг охиратларини обод этиб, қиёмат кунига қадар номаи аъмолларига савоб етиб туришини насиб этсин. Бу масканда илм ўрганган ёшлар элу юрт равнақи, динимиз манфаатига хизмат қиладиган етук инсонлар бўлишини Аллоҳ таоло муяссар қилсин!

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 01/09/2023 19:36;   Кўрилганлиги: 586
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/events/bayramga-haqiqiy-tuhfa
Чоп этилган вақт: 03/05/2024 21:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг