Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ҳадислар

"Саҳобаларнинг фазли борасида юз оят" туркуми

 
 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда саҳобаларнинг фазли борасида кўплаб оятлар нозил қилган. Уларни матонатларини, иймон қувватларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган итоатлари ва нусратларини мақтаб оятлар нозил қилган. Аллоҳ таоло улардан рози эканлигини ва раҳматига олишлигини ваъда қилган.

Ушбу туркум мақолани маълумотлар асосида Қуръони каримда саҳобаларнинг фазли борасида нозил бўлган юз оят ҳақида Аллоҳ қодир қилгунча ёритишга ҳаракат қиламиз. Оддий киши ҳам ушбу оятларни англай олса, саҳобаларнинг қандай улуғ зот эканликларини англаб етади.

﴿ مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاءُ بَيْنَهُمْ تَرَاهُمْ رُكَّعًا سُجَّدًا يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانًا سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِمْ مِنْ أَثَرِ السُّجُودِ ذَلِكَ مَثَلُهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَمَثَلُهُمْ فِي الْإِنْجِيلِ كَزَرْعٍ أَخْرَجَ شَطْأَهُ فَآزَرَهُ فَاسْتَغْلَظَ فَاسْتَوَى عَلَى سُوقِهِ يُعْجِبُ الزُّرَّاعَ لِيَغِيظَ بِهِمُ الْكُفَّارَ وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ مِنْهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا ﴾ [الفتح: 29[

Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳимдилдирлар. Уларни Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб, рукуъ ва сажда қилган ҳолларини кўрурсан. Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийдир). Ана ўша, уларнинг Таврот ва Инжилдаги мисолларидир. Бу худди уруғини ёриб чиқариб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшайдир. Кофирларнинг ғазабини қўзиш учун. Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрни ваъда қилди (Фатҳ сураси 29-оят). [1]

Саҳобалар, оталари ёки болалари кофирлар сафида бўлсалар, уларга қарши ҳам қаттиққўл бўлганлар. Аммо ким бўлишидан қаттий назар, мусулмонга меҳрибон бўлишган. Уларнинг асосий сифатларидан бири — ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли ва розилиги учун қилишлари. Яна бир сифатлари — улар доим рукуъ ва сажда холатида, яъни, ибодат холатида бўладилар. [2]

Ҳар қандай ҳолатда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғиз ташлаб қўймаганлар. Саҳобалар бир-бирларига бўлган муҳаббатларини ва меҳр-шафқатларини кўрган киши улар ака-ука деб ўйлайди. Гарчи, улар ака-ука бўлмасалар ҳам ака-ука бир бирига кўрсатган меҳр-оқибатни бир-бирларига кўрсата олганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мусулмон мусулмоннинг бирдари” деб айтган гапларига амал қилишган.

Уларнинг рукуъ ва саждада бўлишликлари уларнинг асосий белгилари ҳисобланади. Улар доимо Аллоҳ таолонинг розилиги учун ҳаракат қилганлар. Қиёмат кунида саждадан бўлган белги уларнинг юзларида балқиб туради. Бу белгини кўрган киши уларни саҳоба эканликларини билиб олиши қийин бўлмайди.

Ушбу ояти каримадан келиб чиқадики, шиддат ва қаттиққўллик кофирларга, раҳмат ва мулойимлик эса мусулмонларгадир. Мусулмонлар ўзларини қилаётган амаллари билан қолганлардан яққол ажралиб туради. Уларнинг қилаётган барча амалларида ихлос бор. [3]

“Аллоҳ улардан иймон келтириб ва солиҳ амалларни қилганларга мағфират ва улуғ ажрни ваъда қилди”.

Аллоҳ таоло барча саҳобалардан шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссами Эргашев

[1] Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Қуръони карим – маънолар таржимаси” китоби.

[2] Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсирул ҳилол” асари.

[3] Шайх Ваҳба Зуҳайли роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсирул мунир” асари.


Киритилган вақти: 05/12/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2283
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/islam/hadiths/sahobalarning-fazli-borasida-yuz-oyat-turkumi
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 09:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг