“Бақара” сурасининг 28-29-оятлари тафсири
بِسْمِ اللّهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
كَيْفَ تَكْفُرُونَ بِاللَّهِ وَكُنْتُمْ أَمْوَاتًا فَأَحْيَاكُمْ ۖ ثُمَّ يُمِيتُكُمْ ثُمَّ يُحْيِيكُمْ ثُمَّ إِلَيْهِ تُرْجَعُونَ(28)
Қандай қилиб Аллоҳга куфр келтирасизлар? Ҳолбуки, ўлик эдингиз, У сизни тирилтирди, сўнгра сизни ўлдирадир ва яна тирилтирадир,кейин сизлар Унга қайтариласизлар.
Ушбу оятда кофирлик нақадар ёмон нарса экани очиқ-ойдин далиллар билан исбот қилинмоқдаки, заррача ақли бўлган одам бу далиллардан сўнг мўмин бўлмай иложи йўқ. Ҳар бир инсон ўйлаб кўрса, бир вақтлар жонсиз эди, унда ҳаётнинг асари йўқ эди, ўлик ҳукмида эди. Бир вақт келиб, унда жон пайдо бўлди, ҳаёт асари кирди. Хўш, бу жонни унга ким берди? Жавоб битта: унга жонни Аллоҳ берди. Аллоҳ берган жон билан тирик туриб, Аллоҳни қандай инкор этасан? Қандай қилиб Унга куфр келтирасан?!
Балки инсон унга жон қаердан келганини ўйлашга кўп ҳам рағбат қилмас, лекин оятда эсга солинаётган ишга – “сўнгра сизни ўлдирадир”га тан бермай илож йўқ. Дунёнинг энг ақллисиман, деган кофир ҳам ўлим олдида ноилождир. У абадий яшаб қолмаслигини билади, ўлимга бош эгади. Хўш, барибир бир кун келиб, Аллоҳ жонингни олар экан, қандай қилиб У Зотни инкор этасан, қандай қилиб Унга куфр келтирасан?!
Сўнгра Аллоҳ яна инсонни қайта тирилтиради. Бу иш қиёмат кунида амалга оширилади. Кофирлар бу босқичга ишонмай, тортишадилар. Лекин ҳужжат-далиллар уларнинг бу қайсарликлари ҳам беҳуда эканини кўрсатади. Жумладан, инсонни йўқдан бор қилиб, жон ато этган Аллоҳ учун барчанинг жонини яна ўзига қайтариш жуда ҳам осондир. Шундай экан, қандай қилиб улар Аллоҳни инкор этадилар, Унга куфр келтирадилар?!
Оятнинг охирида:
“…кейин сизлар Унга қайтариласизлар”, – дейилади.
Аллоҳга қайтиш ҳақ экан, қандай қилиб улар Аллоҳни инкор этадилар, Унга куфр келтирадилар?!
هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا ثُمَّ اسْتَوَىٰ إِلَى السَّمَاءِ فَسَوَّاهُنَّ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ ۚ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ (29)
У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган, сўнгра осмонга юзланиб, уларни етти осмон қилиб тўғрилаган Зотдир. Ва У ҳар бир нарсани ўта билувчидир.
Ер юзидаги барча нарсанинг инсон учун яратилгани ҳақидаги хабар инсонни улуғлашдир. Модомики, Аллоҳ бу дунёдаги ҳамма нарсани инсон учун яратган экан, демак, инсон ҳамма яратилганларнинг улуғидир. Ер юзида инсондан улуғ махлуқ йўқ. Инсон Аллоҳнинг ер юзидаги халифасидир. Махлуқотлардан бирортаси инсондан устун бўлиши мумкин эмас. Ҳамма нарсалар инсон учун, инсоннинг саодати учун бўлиши керак.
Аллоҳ дунёдаги жамики нарсаларни инсонга ҳадя этган экан, инсон ҳам, ўз навбатида ана шу неъматларни берган Зотга шукр қилиб яшамоғи лозим.
Шундай экан, қандай қилиб улар Аллоҳни инкор этадилар ва Унга куфр келтирадилар?! Аллоҳ таоло дунёдаги жамики нарсаларни йўқдан бор қилиб яратган экан, ўлган инсонни қайта тирилтира олмасмиди?!
Оятнинг охирида:
“Ва У ҳар бир нарсани ўта билувчидир”, дея таъкидланмоқда. Ҳақиқатан шундай. У кофирларнинг ишларини ҳам билиб турибди. Улар У Зотдан қўрқмайдиларми?! Нималарига ёки кимларига ишониб, Аллоҳни инкор этадилар ва Унга куфр келтирадилар?!
Келаси оятларда Аллоҳнинг амрига бўйсунмаслик ва қайтарганидан қайтмасликнинг оқибатини баён қилиш учун Одам алайҳиссаломнинг қиссаси келтирилади. Қиссанинг тафсилига киришишдан аввал, умуман, Қуръони Каримдаги қиссалар нима, улардан қандай мақсадлар кўзланганлигини қисқача тушуниб олишимиз керак. Чунки бундан кейин қиссалар кўп келади. Шунинг учун умумий тушунча зарур.
Қуръони Каримда қиссалар турли жойларда ва турли муносабатлар билан келади. Ўрнига ва мавзусига қараб, қиссалар ҳам ўзгариб туради. Баъзилар учун такрор бўлиб туюлган қиссалар аслида ҳар бир ўринда алоҳида ўзгача маъноларни англатади ва турли мақсадларда ишлатилади.
Пайғамбарлар қиссаси иймон йўлидаги тинимсиз курашнинг узоқ йўлини акс эттирувчи баёнотдир. Ўтганлар ҳаётида иймон учун кураш қандай борганини, оқибат нима бўлганини билиш келажак авлод учун ибрат бобида ниҳоятда муҳимдир. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло пайғамбарлар қиссаларига алоҳида эътибор беради ва Қуръони Каримда улардан йигирма бешталарининг қиссаларини келтиради. Бу ўринда биринчи инсон ва биринчи пайғамбар бўлмиш отамиз Одам алайҳиссаломнинг қиссалари баён этилади.
(“Тафсири Ҳилол” китобидан)
Давоми бор...
Киритилган вақти: 26/09/2019 15:25; Кўрилганлиги: 1858
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 09:58