Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Зуҳо намозининг фазилати

 
 

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимки ўн икки ракаат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда олтиндан бир қаср бино қилгайдир».
(Термизий, Ибн Можа, Байҳақий, Табароний, Баззор ва Ибн Абу Осим ривоят қилишган.)

Юқоридаги ҳадис қуйидаги кўринишда ҳам ривоят қилинган:

«Ким икки ракаат зуҳо намози ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким тўрт ракаат зуҳо намози ўқиса, қаноатлилардан деб ёзилади. Ким олти ракаат зуҳо намози ўқиса, у ўша кун учун унга кифоя қилади. Ким саккиз ракаат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ таоло уни обидлардан деб ёзиб қўяди. Ким ўн икки ракаат зуҳо намози ўқиса, у одам учун Аллоҳ жаннатда бир уй барпо қилади».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менга Халилим саллоллоҳу алайҳи васаллам уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни, икки ракаат чошгоҳ–зуҳо намоз ва ухлашимдан олдин витр ўқимоғимни». (Бухорий, Муслим, Насоий ривояти).

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам зуҳо намозини (баъзи кунлар) шундай (узлуксиз) ўқир эдиларки, биз ҳатто, энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Баъзан эса шундай ўқимай ташлаб қўяр эдиларки, биз ҳатто, энди бу намозни ҳаргиз ўқимайдилар, дердик».
(Термизий ва Аҳмад ривояти).

Зуҳо намози неча ракаат?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки икки ракаат зуҳо намозини мунтазам ўқиса,
гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилгайдир».

(Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ва Исҳоқ ривояти).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг ҳар бир аъзоингизга садақа вожибдир. Ҳар бир тасбиҳингиз – садақа, ҳар бир ҳамд айтишингиз – садақа, ҳар бир таҳлилингиз («Ла илаҳа иллаллоҳ», дейишингиз) – садақа, ҳар бир такбирингиз – садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракаат зуҳо намоз ўқишингиз кифоядир», — дедилар (Имом Муслим ривояти).

Зуҳо намози – бу намоз 360 садақага тенгдир.

Инсоннинг жисими 360 бўғиндан иборат бўлиб, инсонга бу неъматларнинг шукронаси ўлароқ ҳар куни 360 садақа қилиш лозим бўлади. Чошгоҳ намози ана ўша шукронани адо этишга кифоя қилади.

Зуҳо намозининг вақти қуёш тўла чиққандан тахминан 3 соат ўтгач бошланади ва пешин вақтидан 10-15 дақиқа аввал (бу вақтда қуёш тиккага келади ва намоз ўқиш макруҳ саналади) тугайди. Энг афзал вақти – пешин вақти киришидан 30-45 дақиқа аввалги вақтдир.

М. АШУРОВ
«Кулла» жомеъ масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 17/11/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1668
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/zuho-namozining-fazilati
Чоп этилган вақт: 30/04/2024 09:13
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг