Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Зиёрат одоблари

 
 

Жонажон Ватанимиз Ўзбекистон  табаррук зиёратгоҳлар маскани. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳозирги кунда бошқа соҳаларда бўлаётгани каби, зиёрат ва саёҳатга чиқувчиларга ҳам кенг кўламли шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Оммавий байрамларда, халқ сайиллирида дам олиш кунларининг узайтирилиши,  оилавий зиёрат ва саёҳатга борувчилар учун самалёт ва поезд чипта нархларида чегирмалар қилингани, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг кўнглига қувонч ва шодлик олиб кирмоқда.

Хўш зиёрат нима дегани, унинг тартиб ва одоблари қандай. Келинг шу ҳақда озроқ фикр юритайлик.

“Зиёрат” сўзи луғатда “бориб кўрмоқ” деган маънони англатади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилинглар” деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Демак, зиёрат қабристон ёки табаррук зотларнинг мақбараси бўлса, аввало манзилга етиб борган киши зиёратгоҳнинг яқинида масжид бўлса, у жойда 2 ракаат намоз ўқиши мандубдир. Қабристонда ёки қабр устида, ёнида намоз ўқиш мумкин эмас. Зиёратгоҳда секин, вазминлик билан, дунё ташвишларини бир оз бўлса ҳам унутган ҳолда одоб билан юрилади. Зарурат бўлса паст овоз билан гапирилади. Қабристонга киришда ёки қабристон ёнидан ўтишда қабр аҳлига “Ассалому алайкум, мўмин мусулмонлар диёри аҳли! Биз ҳам, иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Сизлар бизниннг ўтмишдошимизсиз, биз эса сизларнинг ўринбосарингизмиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз” деб салом берилади. Қабрларни босиш ёки босиб ўтиш асло мумкин эмас. Ўтган кишиларнинг яхши сифатлари ва ишлари эсланади.

Қабр зиёратига келган киши билса, “Мулк” сурасини ўқиса, яхши бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У (Мулк сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. У қабр азобидан нажот беради”, деганлар. Қабр зиёритига келган кишига Ихлос сурасини 3 ёки 11 марта ўқиши ҳам тавсия этилган. Имконияти бўлса, Ёсин сурасини ва Оятул Курсийни ўқиса, савоби кўп бўлади. 

Зиёрат вақтида ман этилган амаллар.

Қабр аҳлидан мадад, ўз ҳожатларини (фарзанд бер, давлат бер деб ва шунга ўхшашларни) сўраш, сиғиниш жоиз эмас, бу ширк амал, ширк эса Аллоҳ Таоло наздида кечирилмас гуноҳдир. Ҳожатларингизни ёлғиз Аллоҳдан сўранг, балки уларнинг ҳаққига дуо қилиш лозим бўлади. Қабр аҳлига назр қилиш, жонлиқ сўйиш, шам ёқиш, латта боғлаш каби ишлар ҳам оғир гуноҳ ҳисобланиб, иймонга хатарлидир.

    Зиёрат давомида мақбара ва тошларни ўпиш, тавоф қилиш, қабрларни айланиш, ушлаш, силаш мумкин эмас.

Қабристонга имкон қадар таҳоратли, пок ҳолда кирган афзал. Бу ҳам зиёрат одобидандир. Қабристонга дабдаба билан, ясан тусан қилиб кириш макруҳ, чунки бу жой охиратни эслаш, хоксорлик изҳор этиш ўрни ҳисобланади.

    Қабрстонга шариатда тўсиш талаб қилинган жойларини тўсиб турадиган кийим билан кириш керак. Аврат очиқ ҳолда кириш мумкин эмас. 

Келинг азизлар, жонажон Ўзбекистонимиз бўйлаб саёҳат ва зиёратларга чиқинг. Зиёратларингизни Аллоҳ қабул айласин ва кўплаб ажру-савобларга эришинг.

 

Саидаҳмедов Учқун - Каттақўрғон тумани “Қировул” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 20/09/2019 16:42;   Кўрилганлиги: 1168
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ziyorat-odoblari
Чоп этилган вақт: 22/06/2024 01:10
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг