Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ЗАҲРИ ҚОТИЛ АМАЛИ БОТИЛ

 
 

Порлоқ келажак соғлом ва мустаҳкам оила асосида бунёд этилади. Соғлом авлодни вояга етказиш ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир. Анашу бурчга содиқ қолган ҳолда, фарзандларимизни тўғри тарбиялашимиз, турли хил ёмон иллатлардан айниқса, жамиятимиз, ислом динимиз ман этган ишлардан қайтаришимиз лозим.

Барчага маълумки, бугунги кунимизнинг энг глобал муаммоларидан бири, аср вабоси деб қаралаётган заҳри қотил – гиёҳванд модда истимолидир. Бу иллат кўзга кўринмас бўлиб, ўйламаган, кутмаган жойимиздан пайдо бўлиб, бутун бир оилани барбот қилиши мумкин. Шунинг учун бугунги кунда сергакликни йўқотмай, фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Пул топаман деб хорижга ишга кетган ота-оналар фарзандларини яқин қариндошларига қолдириб, фарзанд учун алоҳида, унга қаровчи қариндоши учун алоҳида пул жўнатиб турганлиги ҳеч кимга сир эмас. Пулни олаётган қариндош фарзанди мени ёмонламасин деб, унга эркинлик бериб қўйган. Натижада айни ўша фарзандлар гиёҳвандлик қармоғига илиниб, ўз умрига ўзи зомин бўлмоқда. Қуръони каримда Аллоҳ азза ва жалла барчамизни огоҳлантириб айтган: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят). Ислом шариатида инсон ўз жонини ва ақлини сақлаш ўта муҳим масалалардан ҳисобланади. Заҳриқотил эса анашу икки нарсани йўқ қиладиган энг дахшатли, тузалмас, жирканч иллатлардандир.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай ёмон ишлардан қайтариб таъқиқлаганлар. Аҳмад ибн Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда айтиладики: “Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшатувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишданқайтардилар”. Мазкур ҳадис ҳар қандай турдаги гиёҳванлик харомлигига далолат қилади.

Гиёҳвандликнинг зарарларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, унинг аввало соғликка, жамиятимизга, иқтисодга, тарбияга, оилага, умуман фақат ва фақат зарарини мисол келтирамиз халос. Бу зарарлар йиғиндиси ҳалокатдир. Бундай ҳалокатнинг охиратдаги жавоби эса аламли бўлади. Бу сўзимизга далил Имом Бухорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисдир: “Ҳар ким ўзини ўзи бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат куни дўзахда ўша нарса билан азоб берилади”.

Гиёҳвандлик тўғрисида матбуотда, газета ва журналларда кўп ёритилган. Ҳатто, китоблар ёзилган. Шундай бўлсада бу иллат ҳанузгача жамиятимизда илдиз отиб бормоқда. Фарзанларимизни бундай азобли йўллардан тўсиб маърифат, маънавият йўлларига йўллаш учун бор кучимизни, бор имкониятимизни, бор илмимизни сарф қилсак иншаоллоҳ жамиятимиз янада юксалиб, ҳақиқий, тўғри йўлда бардовом бўлади. Юртимизда олиб борилаётган ёшларга нисбатан давлат сиёсати энг юқори чўққида эканлиги ҳар ҳар биримизни хурсанд қилади. Ёшларимиз дунё ёшлари олдида обруси баланд, ютуқлари кўп, келажаги парлоқдир. Гуручнингкурмаги бўлади дейдилар. Бизнинг ёшларимизни орасида бирорта хулқи бузуқ, беодоб, ақли калта ёшлар бўлиши мумкин эмас. Чунки, кўзлаган мақсадимиз илм чўққисидир.


Киритилган вақти: 27/01/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2798
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/zahri-qotil-amali-botil
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 00:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг