Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ёшлик олтин давр

 
 

Аллоҳ таоло томонидан инсониятга ато этилган энг сара ва ардоқли неъмат шубҳасиз ёшликдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ўзларининг гўзал ҳадиси шарифларида:

“Кексаликдан олдин ёшлик вақтини ғанимат билинг” деганлар.

Эътибор берадиган бўлсак, дунёга машҳур аждодларимизнинг аксари ёшлик чоғлариданоқ илм-маърифатнинг маълум бир чўққисини забт этганини гувоҳи бўламиз. Масалан: Имом Бухорий 9 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, 11 ёшида устози ад-Дохилийнинг ҳадис иснодидаги хатосини “Абу Зубайр ҳеч вақт Иброҳимдан ривоят қилмаган” дея тузатиб қўйганлар. 20 ёшидаёқ бир неча китоблар муаллифи сифатида машҳур бўлганлар. Ибн Сино илмий изланишларини 16 ёшидан бошлаб, табобат соҳасига оид 50 дан ортиқ асарлар ёзиб қолдирганлар. Мирзо Улуғбек 17 ёшида ҳоким бўлиб, замонасининг ҳокимларидан фарқли ўлароқ илм маърифатга эътиборни кучайтирганлар. Абу Райҳон Беруний 18 ёшларида Хоразм обсерваториясида мустақил кузатиш ишларини олиб борган.

Кўриниб турибдики, бу уламоларимиз ёшлик даврларини зинҳор беҳуда ишларга сарф этмаганлар. Буларнинг иштиёқлари фақат илм фаннинг нозик жабҳаларини кашф этиб, мазмунли ҳаёт йўлини босиб ўтиш бўлган.

Таассуфки, 70 йиллик истибдод замони бизнинг аслимиз, илдизимиздан узоқлаштириши натижасида ёшлик дея аталмиш олтинданда қимматли бу фурсатни шунчаки ўйинқароқлик билан ўтказиб юборадиган бўлиб қолдик.

Донишманд халқимиз: “Барорлининг боласи 15 ёшда бош бўлур, барорсизнинг боласи 60 да ҳам ёш бўлур” дея бежиз айтмаган.

Буюк ҳикмат соҳиби Аллоҳ таоло илонни кўринишдан совуқ қилиб яратган, чунки унинг ичида бошқаларга зиёни етадиган заҳар бўлиб, ҳамма ундан ўзини олиб қочади. Бугун биз ҳам болаларимиз қалбини ёшлигиданоқ маърифат нури, юксак одоб ахлоқ фазилатлари билан тўлдирмасак, дунёдаги зарарли, заҳарли ғоялар уларнинг қалбини эгаллаб, бутун бошли жамиятимиз бундан жабр чекади.

Шу ўринда ота оналар, мураббийлар ва ёшларимиз учун ўта муҳим бўлган айрим тавсиялар билан ўртоқлашмоқчимиз:

Улуғларимиз: “Хулқи ёмон тарбиячи бир қўли билан қуриб иккинчиси билан бузувчидир” деганлар. Авваломбор ҳар бир ота-она ва тарбиячи яхши хулқ атвор ва китобга муҳаббатда намуна бўлса, иншааллоҳ саъй ҳаракатлар натижа беражади.

Донишманд халқимиз: “Ҳамма жойда ҳеч жойда, Бир жойда ҳар жойда,” деб ёшликни беҳуда ўтказмасликка чақирганлар. Бу дегани бугун кўпчилик ёшларимиз ўзларининг қизиқишлари ва иқтидорларини ривожлантиришдан кўра моддий манфаатдорликни афзал кўриб, у жойдан бу жойга ўтиб, ўз умрларини увол қилмоқдалар. Агар улар маълум бир илм ёки касбу корни маҳкам тутиб, сабр ва чидам билан унинг сир синоатларини ўргансалар, барака топиб элу халқ ичида обрў қозонадилар.

Аллоҳ таоло ёшларимизни олтин даврларини ғанимат билиб, жадал суратларда ривожланиб бораётган дунёда она ватанимиз муносиб ўрин топишида ҳисса қўшадиган етук инсонлар бўлиб етишишини насиб айласин.

Оналари Аллоҳ дея алла айтган,

Бешикданоқ маърифатнинг таъмин тотган,

Сал улғайгач чор тарафга зиё сочган,

Десам болам кўзларида ҳайрат кўрдим.

Панд ўгитга одамлари илҳақ эди,

Устоз шогирд ананаси қайноқ эди,

Шиорлари жаҳолатни енгмоқ эди,

Десам болам кўзларида ҳикмат кўрдим.

Бугун эслаб гапирсам гар ул дамларни,

Олис ўтмиш тарихдаги манзилларни,

Ёш бошига подшоҳ бўлган Бобурларни,

Айтсам болам кўзларида ҳиммат кўрдим.

Бугун сен ҳам ўқигин эй болам дедим,

Ёнар ўчар умр гўё бир шам дедим,

Юртда илм уйғонмоқда уйғон дедим,

Шу он болам кўзларида ғайрат кўрдим.

Бу айтганим ҳаммамизга ибрат бўлсин,

Фарзандларда маърифатга рағбат бўлсин,

Бизда эса шунга монанд шафқат бўлсин,

Десам онгли ҳар қарашда исбот кўрдим.


Киритилган вақти: 08/05/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2206
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/yoshlik-oltin-davr
Чоп этилган вақт: 14/12/2024 11:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг