Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ёшларимиз олдидаги бурчимиз!

 
 

Аллоҳнинг ўзи яратган бандаларига берган неъматлари ниҳоятда кўп. Бу неъматларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Шулардан бири тинчлик, осойишталик, хотиржам яшашдир. Бусиз хаётни завқи, файзи йўқ. Аллоҳнинг инояти, истиқлол шарофати туфайли халқимиз мана шундай осуда яшамоқда.

Лекин биз кундалик газета, журналлар, радио-телевидения орқали берилаётган мақола, эшиттиришлар орқали жаҳоннинг кўпгина давлат ва мамлакатларида юз бераётган нотинчлик, бузғунчилик, зўравонликлардан хабардормиз. Албатта шундай қабиҳ ишлар, қўпарувчилик юз берган жойларда халқ қийналмоқда. Уй-жойидан, Ватанидан жудо бўлиб, оғир ахволда кун кечираётир.

Хўш, юқоридаги бузғунчилик, зўравонлик, қўпарувчилик, нотинчликни ким қилаётир? Албатта оддий халқ, эмас. Молу-дунё хирсига тушган, тинч осойишта яшаб, мамлакатни гуллаб-яшнашига интилаётган халқларнинг тараққиёти, юксалишини кўра олмайдиган ёвуз кучлар, соф ислом динини ниқоб қилиб олган террорчи гуруҳлар содир этмоқда. Уларнинг нияти халқ орасига нифоқ солиб, шу давлат ривожини издан чиқаришдир.

Шу боис ҳар биримиз тинч, хотиржам яшаш учун ёвуз ниятли душманнинг ҳар бир ҳаракати, маккорлигини кузатиб, унга қарши чоралар кўриб боришимиз, очиқ айтганда ўз уйимизни, оиламизни, ўзимизни ҳимоя қилишимиз лозим. Айниқса ёшларимизни, фарзандларимизни бу бало-қазодан сақлашимиз ҳам фарз, ҳам қарз.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) "Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз. Қўл остингизлар ҳақида масъулсиз" деб таъкидлаганларидек, ота-оналар, қолаверса ёшлар таълим ва тарбияси билан шуғулланишга мутасадди бўлган кишилар бу ишга жавобгар эканликларини қалбдан хис қилмоқлари лозимдир. Фарзанд Аллоҳ таъоло томонидан ато этилган улуғ неъмат ва ота-онага берилган катта омонатдир.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга фарзанд туғилгани хабари берилганда:

"Фарзанд бир райҳонки, мен уни ҳидлайман. У яқинда менга яхшилик қилувчи фарзанд ёки зарарли душманга айланади", деди.

Ёшларимиз яхшилик қилувчи фарзанд бўлиши учун тўғри тарбиялашда иймон-эътиқод ва она ватанга садоқат масаласи муҳим ўринга эга. Шунинг учун тарбия бериш ўта нозик ҳисобланиб, у тўғри бўлса фарзанд камолга етиб, эл-юртга фойда келтиради. Акс ҳолда ёшларимизнинг онги ва қалбини эгаллаш учун астойдил уринаётган динимизга ёт бўлган оқимларнинг таъсирига тушиб қолишлари ҳеч гап эмас. Дунёнинг бошқа жойлари каби юртимизда ҳам ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун интилаётганлар афсуски, учрамоқда. Улар айрим ёшларнинг соддадиллиги, эътиқоди сустлигидан фойдаланиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби баҳоналар билан ўз тузоқларига илинтиришга ҳаракат қилишяпти.

Шундай бўлгач, барчани ҳушёрликка, ҳар қандай ёт ғоя ва фирқаларга бефарқ бўлмасликка, мустақил она диёримиз халқини унинг тинч турмуши ва фаровонлигига таҳдид соладиган турли хавфлардан огоҳ бўлишга чақиришимиз керак.

Биз шундай йўл тутаяпмиз. Бугун имом-хатиблар, участка нозирлари ва маҳалла раислари, маслаҳатчилар хамкорликда жойларда кишилар аҳволидан хабардор бўлиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатмоқдалар, давлатимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсатнинг маъно-мазмунини тушунтириб беряптилар, хақиқий Ислом дини моҳиятини англатиб, ғаламислар найрангига учмасликка чорлаяптилар.


Киритилган вақти: 14/04/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 1808
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/yoshlarimiz-oldidagi-burchimiz
Чоп этилган вақт: 16/06/2021 18:34
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг