Ёмонликлар боиси
Ҳаром қилинди!.. . Яқинлашмангиз!... . Бас ундан четланингиз!.. ушбу таъқиқ лафзларига эътибор беринг, қўйидаги мақолада уларнинг маъно жиҳатдан қандай аҳамият касб этиши ифода этилади.
Юртимизда олиб борилаётган жуда кенг кўламли ислоҳатлар, инсоний қадриятлар, миллий ва маънавий ананалар, диний маърифий соҳалар қатори тўю маросимларимиз ҳам исрофгарчиликларсиз миллий руҳдаги гўзал тарзда ўтказилишига ҳам катта эътибор бера бошланди. Зеро мусулмон кишининг барча ишлари Исломий соф эътиқодга мувофиқ келиши лозим.
Афсуслар бўлсинки баъзан Ислом шариатида тақиқлаган ишлардан ва истеъмоли ҳаром қилинган нарсалардан ўзини тиймайдиган фосиқ кимсаларни учратамиз. Бундай кишилар шариати Исломия таъқиқлаган нарсаларга бепарволарча муносабатда бўладилар. Ҳаттоки савоб умид қилинадаган ақиқа, суннат, келин тўйи каби маросимларда ҳам шайтоний нарсаларни қўйиш ва таб тортмай истеъмол қилиш оқибатида поклик ўрнини нопоклик, савоб ўрнини маъсият эгаллайди.
Шу ўринда спиртли ичимликларни ҳаромлик даражаси ҳақида яна бир бор мулоҳаза қилишимиз фойдадан холи бўлмас иншаоллоҳ.
Бунинг учун динда таъқиқланган баъзи амалларни Қуръони каримдаги ифодасига эътибор беришимиз кифоя қилади. Айни масалага доир Қуръондан учта мисол келтирамз:
1. Моида сурасида “ Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан(яъни шохланиб) ўлган ва йирқич хайвон(қисман) еган (хайвонлар)сизларга харом қилинди. Илло(шаръан) сўйсангиз (ҳалолдир).” (3 оят) деб марҳамат қилинган. Демак охирги беш ҳолатдаги хайвон жони борида “бисмиллоҳ” деб сўйиб олинмаса улар ҳам истеъмол учун харом бўлади. Аммо фиқҳий қоидага кўра бу ерда зикр қилинган ҳайвонларнинг чўчқадан бошқа барчасини жуни, пайи, суяги, тиши, шохи, ошланса териси ҳам фойдаланиш учун ҳалол бўлади.
2. Лекин шундай гуноҳлар ҳам борки ҳатто уларга яқинлашмоқлик ҳам ҳаром ҳисобланади. Улардан бири зинодир. Бу ҳақида Исро сурасида Аллоҳ таоло “Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фахш ва ёмон йўлдир.” (32 оят) деган. Зотан ҳаромга олиб борувчи йўлга кириш ҳам ҳаромдир. Шу қоидага кўра ўзи ҳаром бўлган зинонинг йўлига кириш ҳам ҳаром бўлади. Кимки таъқиқланган ҳудудга кирса жиноятни амалга ошириш эҳтимоли кўпаяди. Бунга отамиз Одам алайҳиссалом ва онамиз Момо Ҳаввога жаннатдаги бир дарахтга яқинлашмасликларига Аллоҳ таолонинг амри мисол бўлади. Ўшанда уларга Аллоҳ таоло ундан емангиз демади балки “яқинлашмангиз!” деди. Вақтики Одам алайҳиссалом билан Момо Ҳаввони шайтон васваса қилди, улар ман қилинган дарахтга яқинлашдилар оқибатда хатога йўл қўйдилар, яъни мевани едилар. Ўзларига зулм қилиб қўйдилар ва жаннатдан чиқарилдилар, пушаймон бўлиб тавба қилдилар.
3. Гуноҳлар ичида яна шундай хатарли ва жирканчлари ҳам борки уларни амалга ошириш ёки унга яқинлашиш у ёқда турсин, ундан четланмаслик ва узоқлашмасликнинг ўзи улкан гуноҳдир. У гуноҳлар сирасидан тобора узоқлашмоқ лозим бўлади. Кимда ким улардан четланмас экан нажот топмайди. Улар ҳақида Моида сурасида Аллоҳ таоло “Эй иймон келтирганлар! Албатта май(маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликлардирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (90 оят), дея хабар берган. Мазкур оятда иймонли киши дунё ва охиратда нажот топмоғи учун нималардан четланиши лозимлиги уқтирилмоқда. Оятда хамр яъни маст қилувчи ичимлик зикр қилиниб сўнгра қимор ва будпарастлик каби оғир гуноҳлар унга тенглаштирилган.
Абдуллоҳ ибн Амр хамр(май) ичишни гуноҳи кабираларнинг энг каттаси деб билганлар. Шу саҳобийдан ривоят қилинган ҳадисда , Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг “Май ичувчи бутга ибодат қилгувчи кабидур ва май ичувчи Лот ва Уззога ибодат қилгувчи кабидур” деб айтганлари ривоят қилинган. Демак алкагол ичимликларни ичиш буту санамларга сиғиниш билан баробар экан. Оятдаги ундан “четланингиз!” калимаси аввалги икки оятдаги таъқиқ калималари “харом қилиниди!, яқинлашмангиз!” сўзларидан кучлироқ таъқиқ экани ўтган мисоллардан аён бўлиб турибди. Ундан четланиш фақат ичишдан тийилишгина бўлмай балки у истеъмол қилинаётган жойдан узоқлашиш ва унга таалуқли барча ишларни тарк қилиш билан бўлади. Бу ҳусусида ибн Умар розияллоҳу анҳудан ворид бўлган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Аллоҳ хамрни ҳам, уни ичувчисини ҳам, қуювчисини ҳам, сотувчисини ҳам, сотиб олувчисини ҳам,сиқувчисини ҳам, сиқтирувчисини ҳам, олиб келувчисини ҳам, олиб келтирувчисини ҳам лаънатлади” дедилар. Чунки мазкур тоифаларнинг барчаси ёмонликлар қамаб қўйилган “хона” қулфини очиш учун КАЛИТ ясаб берувчилардир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам “Хамр (маст қилувчи ичимлик)дан сақланинглар. Зеро у, барча ёмонликларнинг калитидур” деганлар. Аллоҳ тало бу гуноҳларни шайтоннинг ифлос амалидан эканини баён қилди. Қайсики жамият ва оилада ичкиликка ружу қўйилган экан у ерда барака йўқ, ҳаловат йўқ, тинчлик йўқ, нажот йўқ!. Бунинг сабабидан иқтисодга ва шу билан бирга бошқа ман қилинган амал ва нарсалардан фарқли ўлароқ ичкилик оқибатида буюк неъмат бўлмиш ақлга ҳам футур етади. Натижада қанчадан - қанча низолар бўлгани ва аршни ларзага келтирувчи талоқлар айтиб юборилиётгани афсуски инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.
Бас шундай экан спиртли ичкиликларнинг ашаддий ҳаром эканига воқеъликнинг ўзи ҳам далилдир. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки шариат ҳаром қилган ҳар қандай нарса ёки амални ҳалол санаш мукаллаф шахсни Ислом доирасидан чиқариб юборади. Бундай жаҳолатга қарши Аллоҳнинг тавфиқи ила маърифат воситасида курашиш барчамиз учун фарздир.
Фахриддин Розий ва Имом Шаъровий
тафсирлари ҳамда Имом Заҳабийнинг
“Кабоир” китоби асосида тайёрланди.
Киритилган вақти: 08/11/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2240
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 12:00