Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ёмон хулқли намозхон...

 
 

Ёмон хулқ ва дилозорлик солиҳ амалларнинг савобини йўққа чиқаради, уларнинг ҳабата бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун ўзини мўмин санайдиган ҳар бир инсон мудом ўз нафсиини тафтиш қилиб турмоғи керак бўлади.

Баъзи одамлар бор, гарчи намоз ўқисаларда, яхши ишларни қилиб турсалар-да, аммо ўта бадхулқ, иккита гап ортиқчалик қиладиган, битта гап етмайдиган қандайдир асабий инсон бўладилар. Ундайларга бир яримта ҳажмда гап айтолмасангиз тамом, ичидаги ҳамма заҳрини сизга сочади. Худди жуда катта айб ишни қилиб қўйгансиз-у у кишига сизни сўроқ қилиш ва устингизга ўзининг ҳақоратомуз ва оғир сўзлари билан ташланиш изни берилган.

Агар инсон тоғларга тенг келадиган яхшиликларни қилиб юрса ҳам, лекин дилозор ва бадхулқ бўлса, сирка асални айнитгани каби яхши амаллари барбод бўлиб, бузилиб кетаверади. Аллоҳ таоло айтади:

"يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تُبْطِلُوا صَدَقَاتِكُمْ بِالْمَنِّ وَالْأَذَى"

Яъни: "Эй иймон келтирганлар, ўз яхшиликларингизни миннат ва азият бериш билан йўққа чиқармангиз!" (Бақара сураси: 264-оят).

Ушбу ояти каримада агар бир инсон бошқа бир инсонга яхшилик қилган бўлса, асло унга азият бермаслиги ва миннатда бўлмаслиги лозимлигига ишора қилинмоқда ва агар унга сўз ёки бирор амал билан азият етказадиган бўлса, унга қилган яхшилигининг савоби йўққа чиқиши очиқ-ойдин таъкидланмоқда.

Яна ояти карима "Эй иймон келтирганлар!" деган улуғ хитоб билан бошланган. Бу эса, ушбу хитобда бениҳоя муҳим бир ўгит ва насиҳат борлигини англатади. Ва бу хитоб ҳаммага ҳам эмас, куфр йўлини тутганларга эмас балки, айнан Аллоҳга иймон келтирган, охиратга иймон келтирган, охиратдаги савол-жавобга ишонувчи, дўзах ва жаннатга ишонувчи зотларга аталган холос. Шундай экан, унга қулоқ тутмоқ, эътибор бермоқ сўнгра, уни кўзга суртган ҳолда амал қилмоқ даркор.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: "Агар Аллоҳ жалла жалолуҳу "Эй иймон келтирганлар!", деса, дарҳол унга қулоқ сол! Зеро, у, ё сен чақирилаётган яхшилик ёки сен ундан қайтарилаётган ёмонлик бўлади".

Жаъданинг мавлоси Абу Яҳёдан ривоят қилинади: Мен Абу Ҳурайрадан қуйидаги ҳадисни эшитганман:
Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссаломга: “Эй Аллоҳнинг Расули, фалончи аёл кечалари (таҳажжуд) намозини ўқийди, кундузлари (нафл) рўзалар тутади, лекин тилида заҳар бор. Ўша (тили) билан қўшниларига озор беради. У тили аччиқ аёл”, - дейишди. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У аёлда яхшилик йўқ, у дўзахдадир”, – дедилар. 

Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан яна сўрашди: “Эй Расулаллоҳ, фалончи аёл эса фарз намозларининг ўзини ўқийди, рамазон рўзасининг ўзини тутади (яъни ортиқча, нафл ибодатлар қилмайди). Одамларга пишлоқ ва сузмалар эҳсон қилади. Унинг шундан бошқа айтарлик амали йўқ. Лекин у ҳеч кимга азият бермайди”. Шунда Набий алайҳиссалом: “Ана шу аёл жаннатдадир!” – дедилар (Имом Аҳмад. Муснад; Ибн Ҳиббон; Ҳоким Найсабурий. Ал-Мустадрак. 7304-ҳадис;).

Ушбу ҳадиси шариф амали ўртамиёна бўлса ҳам, аммо бировга азият бермаслик инсонга нажот берадиган катта бир фазилат эканлигига далолат қилади. Шунингдек, ҳадиси шариф инсон гарчи, амали кучли бўлса ҳам, дилозор ва бадхулқ бўлса, ундай одамда ҳеч қандай хайр йўқлигини ва унинг ёмон хулқи ва аччиқ тили амалларининг савобини йўққа чиқаришини англатади. 

Алишер Султонхўжаев

Манба: Azon.uz


Киритилган вақти: 05/12/2019 16:23;   Кўрилганлиги: 1193
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/yomon-xulqli-namozxon
Чоп этилган вақт: 12/09/2024 11:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг