Яхшилик берилганлар
قَالَ حُمَيْدُ بْنُ عَبْدِ الرَّحْمَنِ سَمِعْتُ مُعَاوِيَةَ خَطِيبًا يَقُولُسَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ مَنْ يُرِدْ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ وَإِنَّمَا أَنَا قَاسِمٌ وَاللَّهُ يُعْطِي وَلَنْ تَزَالَ هَذِهِ الْأُمَّةُ قَائِمَةً عَلَى أَمْرِ اللَّهِ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَالَفَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللَّهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ
Ҳумайд ибн Абдурраҳмон дедилар: Мен Муовия розияллоҳу анҳуни хутба қилаётиб шундай деб айтаётганларини эшитдим: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ (дин олими) қилиб қўяди, мен фақат (ўлжаларни) тақсимловчиман, уни берувчиси Аллоҳдир. Бу уммат Аллоҳ амрида (яъни, ҳақ динда) собит бўлса, токи Аллоҳнинг амри келгунча (яъни, қиёмат куни келгунча), уларга қарши чиқаётганларнинг зарари уларга тегмайди”,- деб айтаётганларини эшитдим. (Имом Бухорий ривояти) ва (Олти саҳиҳ ҳадис тўпламлари муаллифлари бу ҳадиснинг саҳиҳлигида иттифоқдирлар.)
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳийни ёзадиган котиблари, Макка фатҳи куни исломни қабул қилган. Халифа Умар ибн Хаттоб томонидан Шом ўлкасига волий (ҳоким) этиб тайинланган. Ҳижратнинг 60 йили Дамашқда 78 ёшида вафот этган.
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Илм инсон ҳаётида энг муҳим неъматлардан бири бўлиб, жамият тараққиётининг муҳим омилларидан саналади. Аллоҳ таоло илмли бандаларини даражасини баланд қилиб, олимларнинг фазилати ҳақида: “....Айтинг: “биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”...”, - дейди[1]. Илмнинг инсон ҳаётиданечоғлик катта ўрин тутиши мазкур оятдан ҳаммаълум бўлади, чунки ҳар бир миллатнинг салоҳияти, куч-қудрати ва келажаги унинг олимлари билан белгиланади, жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: “Бешикдан қабргача илм изланг”, “Илм олиш ҳар бир эркагу аёл муъмин-мусулмонга фарздир”, деб бизларни илм сари интилишимизга буюрадилар ҳамда ким хоссатан дин, шариат илмидан берилган фақиҳ бўлса, бу Аллоҳ таолонинг яхшилиги эканлигини маълум қилади. Ушбу ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам илмли бўлишга, хоссатан дин илми –фиқҳни ўрганишга чақирадилар.
Инсон шаръий илм талабида бўлиб, Аллоҳ таолонинг динида етук илмга эга бўлиши, ёки талаби илм йўлини ихтиёр этиши ҳам унга берилган омад ҳисобланади. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 269-оятида: “У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди. Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар.”[2] – деб инсонга илм-маърифатни берилиши унга нисбатан улкан илоҳий неъмат эканлигини баён қилади.
Аллоҳ таоло олимларнинг исмини муқаддас қилиб, халқлари орасидан Ўзи яхши кўрганларини бу мартаба билан неъматлади. Олимларни ҳидоятга бошлаб, улар сабабли бандалари орасидан ўзи яхши кўрган муъминларни ҳидоят билан зийнатлади. Олимларни бошқаларга нисбатан афзал қилиб, илм ва ҳикматни ўргатди. Уларни динда фақиҳ (донишманд, билимдон) қилиб, диннинг таъвилотларин[3] қалбларига жойлади, бошқа муъминларга нисбатан афзал қилиб қўйди. Бу ҳолат ҳар бир замон ва ҳар бир вақтда шундайдир. Уларни даражасини илм билан кўтариб, ҳалимлик билан зийнатлади ва улар сабабли ҳалол ва ҳаром, ҳақ ва ботил, фойда ва зарарлар маълум бўлади. Олимлар бандаларнинг йўл кўрсатувчи чироқлари, шаҳарларнинг миноралари, бу умматнинг устунлари ва ҳикмат булоғидирлар.
Шунинг учун Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг бу ҳадисларида: “Аллоҳ таоло кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (донишманд) қилиб қўяди,”[4] – деб кишини ўз динида фақиҳлик даражасида соҳиби илм бўлиши унга берилган улкан язшиликлардан бири эканлигини таъкидлайдилар.
Ҳадиснинг умумий маъноси
“Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ (дин олими) қилиб қўяди”,
Фақиҳ – шариат ҳукмларини энг нозик жиҳатларигача тушунадиган, юксак малакага эга бўлган шахсга айтилади. Олим Жўзжоний “фақиҳ” атамасига қуйидагича таъриф беради: “Фақиҳ”, яъни фиқҳ олими бўлмоқ учун фақатгина шариат ҳукмларини содда ва юзаки билиб, ёд олиш етарли эмас, балки ушбу ҳукмларнинг бутун сабаб ва ҳикматларини билмоқ ва шариат асосларини англамоқ зарурдир. Шунинг учун ҳам шариат ҳукмларини содда услубда билган киши олим дейилса ҳам, фақиҳ дийилмайди. Фиқҳшунос олимларнинг таъкидлашича, илм ва фиқҳ орасида ҳар ким ҳам англамайдиган фарқ бор. Яъни илм умумий маънода, фиқҳ эса хос маънода ишлатилади. Шу сабабли ҳар бир фақиҳ олим бўлади, аммо ҳар бир олим фақиҳ эмасдир”[5].
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўзларининг ҳадиси шарифларида кимга шариат илми берилган бўлса, улар (фақиҳлар) Аллоҳ таолонинг яхши кўрган бандалари эканлигини, фақиҳлар ҳам ўзларига берилган буюк неъмат – шариат илмини қадрига етиш лозим эканлигига ишорат қиладилар. Зеро, бу илм ҳаммага ҳам берилавермайди, аксинча жамият орасидан бунга тсалоҳияти бор кишиларга Аллоҳ таоло бу илмни муяссар кўради.
Ушбу ҳадиснинг замирида иккинчи ботиний маъно мавжуд; кимки динда шариат аҳкомларини бажариш учун ўзига етарли илмни олмаган бўлса-ю, яна уламоларга яқин бўлишга ҳам интилмаса, демак Аллоҳ таоло унга яхшиликни ирода қилмабди. Чунки инсон шариат илми билан дунё ва охират саодатига етади.
“мен фақат (ўлжаларни) тақсимловчиман, уни берувчиси Аллоҳдир.”
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам жанглардан тушган ўлжаларни саҳобаларга тақсимлаб берар эдилар. Уларнинг баъзиларига тақозосига кўра кўпроқ ўлжадан берар эди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.нинг бу ишларининг ҳикматига тушунмаган саҳобалардан баъзилари бунга эътироз билдирдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: Бу ўлжаларни берувчиси Аллоҳ, мен фақат уларни Аллоҳ таоло буюрганидек Аллоҳни берганини тақсимлаб берувчиман, холос. Ваҳийда нима буюрилса мен ўшани бажарувчиман. Буни фақат шариат илми берилган кимсаларгина англаб етадилар, – деган маънода юқоридаги ҳадисларини айтдилар.
“Бу уммат Аллоҳ амрида (яъни, ҳақ динда) собит бўлса, токи Аллоҳнинг амри келгунча (яъни, қиёмат куни келгунча), уларга қарши чиқаётганларнинг зарари уларга тегмайди”
Имом Бухорий ҳазратлари Расулуллоҳнинг “Бу уммат” сўзларидан мурод “илм аҳли” назарда тутилган дейдилар. Имом Аҳмад Расулуллоҳнинг “Бу уммат” сўзларидан мурод “Аҳли ҳадис” англашилади дейдилар.
Имом Нававий “Бу уммат” сўзидан мурод, муъминларнинг бир тоифасидир-ки, улар орасида фақиҳлар ҳам, муҳаддислар ҳам бор, дейдилар.
“Аллоҳнинг амри (иши) келгунча”, бу ҳадиснинг маъносини уламоларимиз ; Бу уммат ичидаги бир тоифа – уламолар то қиёматга яқин вақтгача Аллоҳ таолонинг ҳақ дини бўлган Ислом динини қоим қилиш ва ҳимоясида мудом бўладилар, деб тафсир қилишганлар. Чунки, қиёмат қоим бўладиган вақтда бошқа ҳадисларда хабар берилганидек, ер юзида бирорта тирик мўмин киши бўлмайди.
“уларга қарши чиқаётганларнинг зарари уларга тегмайди”, яъни мусулмонларга қарши турли фитналар ва урушларни келтириб чиқараётганлар мусулмонларни ҳақ дин – Исломдан адаштира олмайдилар, мусулмонларнинг соф эътиқодларига зарар етказолмайдилар.
Мусулмонларга қарши бўлган ва улар ҳар вақтда дуч келаётган ана шундай фитналардан энг зарарлиси ва хатарлиси Ислом динининг асосий манбаси бўлган Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримизнинг ҳадисларини нотўғри талқин этилмоғи ҳисобланади. Маърифат ва маънавиятга асосланган соф исломий эътиқод ва тушунчаларни нотўғри қабул қилиш ёки баъзи бир сиёсий кучларнинг ўз манфаати йўлида ҳамда турли ғаразли мақсадларда диндан фойдаланиш оқибатида ҳам ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли ўртасида фитна қўзғаш жуда ҳам осон бир ишга айланиб бормоқда. Бу эса ҳам муқаддас динимизга ҳамда жамиятга катта зарарлар келтирмоқда. Афсуслар бўлсин-ки, ҳатто, ҳозирги вақтда Қуръон оятлари ва Пайғамбаримизнинг муборак ҳадислари ҳамда динимизга оид жарангдор шиорлар билан исломофобияни тарғиб қилишга ҳаракатлар бўлмоқдаки, динимиз ва ақидамиз борасида етарли илмларга эга бўлган ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам таърифлаган Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрган олимларимизга яқин бўлишимиз, уларнинг кўрсатмаларига амал қилишимиз бундай қабиҳ ишларни олдини олиш ҳамда улардан сақланишнинг энг мақбул ва тўғри йўли ҳисобланади.
Ҳадисдан олинадиган истифодалар.
- Фақиҳлар Аллоҳ таолонинг яхши кўрган бандалари эканлиги.
- Фақиҳ кишини ҳурмат қилиш, уни дин аҳкомлари тўғрисидаги сўзларига амал қилиш кераклиги.
- Уламоларнинг бошқа одамларга нисбатан фазилатли эканлиги.
- Динда фақиҳ бўлган олимни бошқа олимлардан фазилатли эканлиги.
- Динда фақиҳ бўлмаган, исломнинг моҳияти ва қонун-қоидаларини билмаган киши яхшиликдан маҳрум эканлиги.
- Бандаларнинг ризқини берувчи зот Алоҳ таоло эканлиги.
- Мусулмонлар агар соф эътиқодларидан адашмай, динларига амал қилсалар, уларга қарши бўлганларнинг ҳеч бири зарар бераолмаслиги.
[1] Қуръони карим. Маъноларининг таржима ва тафсири муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. -Т.: ТИУ. 2006. Зумар сураси. 9- оят.
[2] Бақара сураси.269-оят.
[3] Ҳукм ва моҳиятлари
[4] Муҳаммад ибн Исо ибн Савра Термизий. Сунану Термизий. 5-жуз, –Байрут. Дару иҳёу-т-турос. 2645-ҳадис.
[5] Абдулҳаким Шаръий Жўзжоний. “Бухоролик буюк фақиҳ Абу Зайд Дабусий”. –Т.: ТИУ. 2007. –Б.7.
Нодир ҚОБИЛОВ, Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 26/10/2019 15:24; Кўрилганлиги: 1362
Чоп этилган вақт: 11/09/2024 21:39