Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ХАЛҚИМИЗ ИСЛОМ АБДУҒАНИЕВИЧ КАРИМОВНИНГ БАРҲАЁТ НОМЛАРИНИ ДОИМО ҲУРМАТ ВА ЭҲТИРОМ БИЛАН ЁДГА ОЛАДИ

 
 

Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Ислом Абдуғаниевич Каримов ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўтган инсонлар ҳақида фақат яхши гап айтиш, уларни яхшилик билан эслашга буюрганлар. Буюк ватандошимиз имом Абу Исо Термизий улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ўтганларингизни яхшиликларини тилга олинглар, ёмонликларидан тийилинглар”, деб марҳамат этганлар.

Самарқанд Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятида алоҳида ўрин тутади. Маълумки, Биринчи Президентимиз ушбу қадимий шаҳарда туғилган, унинг ҳар томонлама ривожланишига катта эътибор қаратган. Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан бу ерда қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилган. 2007 йилда ЮНЕСКО шафелигида Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги кенг нишонланган. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий мақбаралари, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий қадамжолар обод қилинган. Ўнлаб замонавий иншоотлар, хиёбонлар, фавворалар барпо этилган. Ислом Каримов дафн қилинган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида улуғвор мақбара бунёд этилди. Бу ёдгорлик юртдошларимиз қадами узилмайдиган муқаддас зиёратгоҳга, ёшлар учун катта тарбия масканига айланди. 

Муқаддас Ислом динимизда инсоннинг вафотидан кейинги ҳақларидан бири уни яхшилик билан эслаш, хотиралаш ва ҳаққига хайрли дуо қилишга даъват этилади. Аллоҳ таоло Ислом умматини ўзидан олдин ўтганлари ҳаққига дуо қилганлар деб қуйидагича васф қилган ва мақтаган:

 ﴿ وَالَّذِينَ جَاءُوا مِنْ بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ وَلَا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلًّا لِلَّذِينَ آَمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ ﴾ (سورة الحشر الآية-10)

Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10 оят).

Имом Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул Улум” тафсирида қуйидагиларни ёзади: “Бу оятда мўминлар зиммасига ўзларидан олдин ўтган биродарлари учун Аллоҳдан мағфират сўрашлари бурч эканига далил бордир. Шунингдек, ундан мўминлар ўзларининг ота-оналари ва таълим берган муаллимлари ҳаққига ҳам истиғфор айтиши кераклиги келиб чиқади”.

Аллоҳ таоло марҳум Ислом Каримовнинг халқимиз, Ватанимиз учун қилган ишларига Ўзи мукофотлар ато айлаб, охиратларини обод қилсин. Халқимиз мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг барҳаёт номларини доимо ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга олади. У киши юритган оқилона сиёсат, илм-фан, маданият ва маънавиятни ривожлантириш борасидаги ишларни ҳеч қачон унутмайди.  

ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ, ЎМИ Самарқанд вилоят вакили


Киритилган вақти: 02/09/2019 12:40;   Кўрилганлиги: 1439
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/xalqimiz-islom-abduganievich-karimovning-barhayot-nomlarini-doimo-hurmat-va-ehtirom-bilan-yodga-oladi
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 16:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг