Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ВАТАННИ СЕВМОҚ ИЙМОНДАНДИР

 
 

Ватан. Бу жарангдор сўзнинг асл маъноси она юрт демакдир. Ҳа азизлар, азал азалдан инсоният ўз туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган гўшасини онага тенглаштириб, уни юрагининг туб-тубида ардоқлаб асраган.

Айниқса пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-саломнинг Макка яқинидаги тепаликдан туриб, туғилиб ўсган заминига термулгунча кўз ёши тўкиши, Нажмиддин Кубронинг қўлида ватан байроғи ила жон берганлиги ҳамда Имом Бухорий каби кўплаб улуғларимиз ўз табаррук номларини ватан билан боғлаганликлари бизга ватан қадрию муҳаббатини қайта-қайта эслатиб тургандек бўлаверади.

Олтин, кумуш каби қимматбаҳо буюмлар ҳам ўтда тобланиб, қиздирилиб, қийматга эга бўлганидек бугунги ёруғ кунларимизгача аждодларимиз не-не синов ва кўргуликларни кўрмади дейсиз. Ана шу машъум тарихнинг дахшатини кекса авлод вакилларидан жуда кўп бора эшитганмиз. Бир сўз билан айтганда бу ёруғ кунларимиз Яратганнинг буюк бир инъоми бўлиш билан бирга елкамиздаги юксак омонат ҳамдир.

Бир нарсани яхши англашимиз лозимки, ўша замонларда ҳам Ўзбекистоннинг замини, ҳудуди ўз жойида эди. Халқимиз ҳам айнан шу замин, шу тупроқда яшар эди. Аммо ўшанда халқимизнинг қўлида ҳуррийят, миллий давлат йўқ эди. Аждодларимиз ўз уйига ўзи эга чиқа олишмас, юрак ютиб Ўзбекистон халқи менинг халқим дея олишмас эди. Боз устига давлат мадҳияси ҳам бошқа бир халққа салом берилиб, унга қуллуқ қилинишдан бошланарди. XX асрнинг сўнгига келиб эса сиёсий жиҳатдан муҳим бир воқеа рўй берди. Яъниким, кўп йиллик орзу – мустақиллик неъматига эришдик.

Мазлум аждодларимизнинг кўп йиллик дуолари шарофати ила Мустақилликнинг илк қадамиданоқ улуғвор мақсадларга бой бўлди.

Муҳтарам юртбошимиз И. Каримов 1 сентябрь кунини Ўзбекистонда Мустақиллик куни умумхалқ байрами деб эълон қилар эканлар, орадан кўп ўтмасдан 1991 йил Ўзбекистонда Алишер Навоий йили деб ҳам номланди. Ана шу кундан бошлаб биз Навоий бобомизни “Шамсул миллат” (“Миллат қуёши”), “Маънавий пиримиз” эканлигини англадик ва буни беҳадик тилларимизда айта оладиган бўлдик.

Мана бу йил жаннатмонанд ватанимиз мустақиллигига 25 йил тўлган бўлса, эришган ютуқ ва марраларимизни санаб адоғига ета олмаймиз. Энг асосийси она юртимизнинг ҳар бир гўшасида ҳар куни мусаффо, осойишта тонглар отмоқда. Ҳатто энг чекка ҳудудлардаги ўзгаришларни кўриб қалбинг сурурга тўлади. Оммавий ахборот воситалари орқали жаҳон аренияларидаги ғолиб фарзандларимизни кўриб, беихтиёр қалбингдан ватан муҳаббати билан тўлиб тошган ифтихор туйғулари ёғилиб келаверади.

Аллоҳ таоло азиз ватанимизни тинч осмонимизни мусуффо, мустақиллигимизни абадий қилсин.


Киритилган вақти: 11/08/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2465
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/vatanni-sevmoq-iymondandir
Чоп этилган вақт: 26/07/2021 19:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг