Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ватан ҳимояси олий саодат

 
 

Фарзанду набираларимиз боғча ёки мактабга борар экан, дастлабки кунларданоқ ўзича янги ибораларни ёд олиб, уйга қайтади. Мен кўп эътибор қилганим – аксарият болажонларнинг тилидаги илк калом Ватан мавзуида бўлмоқда. Айтайлик, бугунги беш-олти ёшли болакай «Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!» деяпти. Бу нимадан далолат?

Очиғини айтиш керак, бу ёшдаги бола Ватанга хизмат қилиш, унинг қадр-қиммати, шон-шараф, деган тушунчалардан анча йироқ бўлади. Аммо унинг тилига ота-она, боғча опа, илк ўқитувчиси томонидан солинаётган бу каломлар эртага дилига ҳам кўчиб ўтишига ҳеч шубҳа йўқ. У бола эртага албатта, тилидан чиққан бу калом ҳақида ўйлаб кўрадиган ёшга етади ва айтган иборасининг нақадар улуғ эканлигини тушунади. Қолаверса, озод ва обод мамлакатимизда нафақат миллий сиёсат, балки бугун ҳар бир фуқаронинг қалбида ҳам Ватан билан фахрланиш, фарзандларни шу руҳда тарбиялаш эҳтиёжи пайдо бўлмоқда. Юрт равнақи, тараққиёти, дахлсизлиги унга бўлган муҳаббат билан ўлчаниши барчамизга кундек равшан бўлаётир.

Ватанга хизмат қилиш, унинг ҳимоясига отланиш нима? Бизнингча, бу тушунчани энг оддий жиҳатларига ҳам эътибор қилмоқ жоиз. Масалан, бир ўқитувчи ўттиз йил давомида миллат ёшларини ўқитди, тарбиялади, маънан баркамол этиб юрт хизматига қўшди. Назаримизда ўқитувчининг бу иши ҳам Ватан ҳимоясидан бошқа нарса эмас. Бир шифокор фидойилиги, инсонлар соғлиғи учун жон койитиши, касбини шараф билан адо этиши ҳам юртни севишдир, уни ҳимоя қилишдир.

Хўш, нега бундай деяпмиз? Чунки, Яратганнинг ўзи асрасину ўша одам халқини уч пулга сотиши, Ватан хоини бўлиши ҳам мумкин эди. Буни мана, дунёнинг айрим мамлакатлари мисолида кўриб турибмиз. Афсуслар бўлсинки, ўша давлатларда мақсаду маслагини унутган, аниқроғи умуман, Ватан қадр-қиммати, диннинг асл моҳиятини билмай туриб хоин сифатида жон бераётганлар ичида юртдошларимиз ҳам бор. Демак, давлатнинг чегараларида туриб, қўлда қурол билан Ватан ҳимоясига отланганлардан тортиб, чекка қишлоқларда фарзандларимизга ҳарф танитаётган оддий муаллимнинг қилаётган иши ҳам, бир хонадондаги бемор аҳволидан хабардор бўлмоқ ҳам бирдек шарафдир. Касбидан қатъий назар Ватанни севиш, унга хизмат қилиш катта саодатдир.

Абу Атийя розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши вафот этганини билиб, «Қай бирингиз уни бирор яхши амални бажараётганида кўргансиз», деб сўрадилар. Бир киши: «Мен у билан Аллоҳ йўлида бир кеча қўриқчи бўлдим», деб айтди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зот билан ўтирганлар ўринларидан туриб, унга жаноза намозини ўқишди. Қабрига қўйилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан тупроқ тортдилар. Сўнг майитга қараб: «Мен сенинг жаннат аҳлидан эканингга гувоҳлик бераман» дедилар».

Бундан кўриниб турибдики, Ватанни ҳимоя қилиш динимизда ҳам жуда катта шараф ҳисобланади. Шундай экан, Ватандан, давлат чегараларидан ташқарида туриб юртга тош отаётганлар, қурол ўқталаётганларни қандай атамоқ жоиз? Шулар ҳақида ўйларканмиз, уларнинг қилмиши на диний қадриятларга, на дунёвий ақидаларга тўғри келишига амин бўлади киши.

Яна бир ҳадисда «Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади», дейилади.

Ваҳоланки, бир умр ҳарбийлик касбини шараф билан адо этиб келаётганлар бор. Англашиладики, Ватан сарҳадларида бедор бўлиб, тинчлигимиз, хотиржамлигимиз йўлида захмат чекаётган инсон ҳам ибодатда бўлган инсон савобини олар экан. Фарқи шундаки, у ўзининг бу фидойилиги билан нафақат ўзи, оиласи, балки юрт осойишталигига ҳам хизмат қилаётган ҳисобланади. Бу шундай хизматки, энг олий, энг шарафли хизматдир.


Киритилган вақти: 12/01/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2839
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/vatan-himoyasi--oliy-saodat
Чоп этилган вақт: 15/12/2024 04:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг