Ватан ҳимояси
Жамиятидаги инсон ҳаёти фақат тинчлик ва омонлик билангина маъно ва мазмунга ега бўлади, Зеро, тинчлик — бу омонлик ва хотиржамлик асосидир. Жамият имон камолоти ва ҳаловатига тинчлик пайтидагина эришади.
Ёш аскар қалбида Аллоҳга бўлган ишонч, ватан ҳамда ўз халқига бўлган садоқат уни ҳар доим огоҳлик ва сергакликка чорлайди.
Кечагина ўйнаб-чопиб юрган кичкинтойлар кўз очиб-юмгунча улғаядилар. Уларни жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб улғайишига аҳамият берилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга сузиш, камон отиш ва аёлларга касб-ҳунарни ўргатинглар”, деб таълим берганлар.
Шунинг учун ҳам фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб она Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.
Имом Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Инсон ўз ерига, гарчи у гиёҳ унмас саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.
Ватанни севиш ибодат даражасига кўтарилган соф ва асл исломий қадриятдир. Бундай сифатга эга бўлиш мўминнинг асосий хусусиятларидан биридир. Дарҳақиқат, энг қадрли неъматлардан бири тинчлик ва хотиржамликдир. Мана шу осудаликни ҳеч иккиланмай бепоён Ватанимиз сарҳадларини мардона қўриқлаб турган юрт посбонларининг хизмати деб айта оламиз. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида марҳамат қилиб айтганларки: “Бир кеча-кундуз чегарани ҳимоя қилиш, бир ой рўза (нафл) тутган ва бир ой кечалари туриб (нафл ибодат) қилгандан яхшироқдир” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳанафий мазҳабининг муҳаддис олими Бадриддин Айний “Умдатул қорий” асарида ушбу ҳадисни қуйидагича шарҳлайди. Ҳадиси шарифдаги “Рибот” сўзининг маъноси бу душман тарафга қараб туриш, чегарани ҳимоя қилиш ва ёвларни юртига бостириб киришдан муҳофаза қилишдир.
Бундай маънодаги ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин. Барча муҳаддислар “рибот” сўзини “чегарани ҳимоя қилиш” деб шарҳлайдилар. Бу юртимиз чегараларида хизмат қилаётган ҳар бир ватан ҳимоячисига тегишли ва улар учун хушхабардир.
Юртдошларимиз тинч ва осуда ҳаёт кечирмоқдалар. Авваламбор Аллоҳ юртимизга тинчликни берди, ёмонликлардан асрамоқда, шу билан биргаликда чегараларимизда юртимизни туну кун ҳимоя қилиб турган аскарлар ва миллий армиямизнинг хизматлари натижасидир. Мамлакат осойишталиги, халқ тинчлигининг мустаҳкам таянчи бўлмиш Ватан ҳимоячилари доимо хушёр ва сергак бўлишларида уларга куч-ғайрат, соғ-саломатлик ва уларга оилавий бахт тилаймиз
Киритилган вақти: 09/01/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2753
Чоп этилган вақт: 15/12/2024 03:36