Узоқнинг донидан яқиннинг сомони....
Мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг муносиб турмуш кечириши учун барча имкониятлар яратилган ва кун сайин шароитлар яхшиланиб бормоқда. Давлатимиз томонидан тобора янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, инсонларнинг турмуш тарзини яхшилаш чоралари кўриляпти. Бунинг учун фуқароларга кўплаб имкониятлар, имтиёзлар ҳамда қулайликлар яратиб берилмоқда.
Юртимизда яратилган имкониятлардан оқилона ва унумли фойдаланиб, иқтисодий ҳолатини ислоҳ қилган, ўзи ва оиласи учун барча керакли шарт-шароитларни ҳозирлаган ватандошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Аммо шароитлар бўла туриб бойлик илинжида хорижга ноқонуний чиқиб кетаётганлар ҳам учраяпти. Кунора қайси бир қаринбошимиз ёки бўлмаса қўшнимиз, маҳалладошимиз хорижий давлатларнинг бирига ишлашга кетганини эшитамиз. Бу эса ташвишли оқибатларга, одам савдоси каби жирканч жиноятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) қудсий ҳадисларида:
“Аллоҳ таоло: “Уч киши борки, мен уларга қиёмат куни хусуматчиман. Менинг номимдан (аҳд) берадиган ва кейин хиёнат қиладиган киши. Ҳур кишини сотиб пулини ейдиган киши. Мардикор ёллаб, уни ишлатиб ва ҳаққини бермаган киши”, деди” (Имом Бухорий ривояти), деганлар. Минг афсуски, бугун одам савдоси устидан мўмай пул топишга одатланганлар бот-бот учраб турибди. Ачинарлиси, юртимизда ҳам бундай кимсаларнинг бўлиши оғир мусибат бўлмоқда. Маълумотларга кўра Ўзбекистонда 2014 йил мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан одам савдосига оид 1016 ҳолат бўйича тергов ишлари олиб борилган. 2013 йилда эса бу кўрсаткич 1093 тани ташкил этган. 2014 йилда 583 нафар фуқарога одам савдоси жинояти бўйича ҳукм ўқилган.
Жамиятнинг тараққиёти, унинг ҳар томонлама ривожланиши, сир эмаски биринчи навбатда оилаларнинг иттифоқига, улардаги соғлом муҳитга боғлиқ. Оиланинг камолоти эса эр-хотин ва фарзандларнинг иноқлиги асосида қурилади. Ушбу учта бўғин, яъни эр-хотин ва фарзанд бирлашиб ҳаракат қилса мустаҳкам учбурчак қўрғонни ҳосил қилади. Бордиё улардан бирортаси ўз ўрнида бўлмаса оила мустаҳкамлигига путур етиб қолиши мумкин.
Тўғри, ўзга юртларга ҳеч ким ҳавас учун бормайди. Лекин ҳар нарсанинг меъёри бўлганидек, хорижда юришнинг ҳам меъёри бўлиш керак. Азбаройи тирикчилик, яхши яшаш, бола-чақани бирор нимага муҳтож қилмаслик илинжида йиллаб хорижда юришларни барибир ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Йиллаб мусофирликда юриб топган пул ота-онага қилинмаган хизмату, аҳли-аёл, бола-чақага вақтига берилмаган меҳрнинг ўрнини ҳеч қачон қоплай олмаслиги ҳақиқат.
Динимизда ота-онага яхшилик қилиш, хизматларини қилиб, дуоларини олиш вожиб амаллардан бўлиб, ибодат даражасига кўтарилган. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишлик билан бирга ота-онага яхшилик қилишликни Қуръони каримнинг бир неча оятларида ёнма-ён зикр қилиб келтирган. Жумладан:
“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса эҳсон (яхшилик) қилингиз!” (Нисо-36)
“Айтинг: “Келингиз, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: Унга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага эҳсон (яхшилик) қилингиз”. (Анъом-151)
Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. (Анкабут-8)
Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. (Луқмон-14)
Бугун хорижга йиллаб кетаётган вадандошлар, ана шундай улуғ бир шарафни, яъни ота-онага хизмат қилишдек савобли амални қўлдан бой бериб қўйяптилар.
Ислом шариати фарзанд тарбияси борасида мукаммал тарзда кўрсатмалар бериб қўйган. Бандалардан уларга амал қилишгина қолган, холос. Зеро, эртанги куннинг порлоқ бўлиши бугунги авлодга юз фоиз боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Давлатимиз сиёсатининг устувор мақсад ва вазифаси ҳам айнан эртанги кун эгаларини ҳар томонлама камол топтиришдир. Йиллаб фарзандининг чеҳрасини кўрмай юрган ота-оналар уларни ҳеч нимадан кам қилмаслиги мумкин, бироқ вақтида берилмаган меҳр, тарбия-чи?! Улар ўрнини пул билан тўлдириш мумкинми?!
Фарзандлар доимо ота-оналари томонидан панду насиҳат эшитиб боришлари керак. Улар ҳаётнинг гули, Аллоҳ таоланинг инсонга берган энг буюк неъмати, дунё ва охиратда кўз қувончи ёки ҳасрат-надомат боисидир. Ушбу неъматнинг шукри ота-оналик мажбуриятларини адо этиш, гўзал хулқ ва яхши амалларни ўргатиш билан бўлади. "Таҳрим" сурасининг 6-оятида шундай марҳамат қилинган: "Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)". Ояти карима мазмунидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бугун пул топаман деб фарзандлари ва аҳлидан узоқда юрганлар айни шу хатти-ҳаракатлари билан уларни охиратда қаттиқ азобга тушишига сабабчи бўлиб қолиши мумкин экан. Аллоҳ шундан сақласин.
Баъзан хорижга эндигина балоғатга етган, тафаккури мукаммаллашмаган ғўр ёшларнинг кетаётгани ҳам ачинарлидир. Аслида уларнинг биринчи галдаги вазифаси таълим олиш, юртининг келажаги учун фойдаси тегадиган етук кадр бўлиб етишишдир. Хорижда турли ғаразли мақсадли кимсалар томонидан диний маълумотлар ёки дарсларга жалб этилиши оқибатида эса адашиш, нотўғри эътиқод, ақидапарстлик каби иллатлар домига тушуб қолмоқдалар.
Эр-хотин ўртасидаги муносабатга ҳам ислом шариатида катта эътибор қаратилган. Жуфт бўлиб яшашнинг моҳияти, оила қуришдан қандай мақсадлар кўзланиши лозимлиги, ҳар икки тарафнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат экани динимизда батафсил ёритилган. Аллоҳ таоло шундай дейди:
وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
"Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир" (Рум, 21).
Демак, инсоннинг ўзидан унга жуфт яратиб берилишини ушбу оятда "сокинлик топишингиз учун" дейилмоқда. Шундай экан эркак сокинлик, ором, хотиржамликни фақатгина рафиқаси ҳузуридагина топади. Аёл ҳам ўзига керак бўлган сокинликни эркакдан топади. Бу сокинликка интилиш табиий эҳтиёж... Энди бир неча йиллар бир-биридан узоқда яшаган эр-хотинларнинг ҳолатини қандай баҳолаш мумкин? Минг афсуски, баъзи бир эркаклар, янада ачинарлиси, баъзи аёлларимиз жуфтлари ёнларида бўлмагач, сокинликни номаҳрамлар ҳузуридан излаб қоладилар...
Унутмайлик, аёл иқтисодий жиҳатдан туғилганидан умрининг охиригача таъминланган. Дастлаб отаси, у бўлмаса бошқа валийлари, сўнг эри, у вафот этса, фарзандлари унинг нафақасини бериб туришга масъулдирлар. Динимиз аёлга пул топиб ўз эҳтиёжларини қондиришни юкламаган. Қуръони каримда "Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир", дея аёлнинг барча нафақаси ота, яъни эрнинг зиммасида экани таъкидланган. Бордию, унинг яшашига кафил бўлганлардан ҳеч бири бўлмаса, ушбу вазиятда аёл зарурат миқдорида, ватанидан чиқмаган ҳолда, пул топиш учун меҳнат қилишига рухсат берилган.
Мусулмон аёл, токи унинг билан эри ёки маҳрами бўлмас экан, сафар масофасига боришини ислом шариати таъқиқлайди. Имом Муслим Абу Саид ал-Худрийдан қилган ривоятда шундай дейилади:
"Расулулоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
"Аёл, у билан бирга эри ёки маҳрам қариндоши бўлмас экан, уч кундан ортиқ сафар қилиши мумкин эмас", дедилар". Ҳозирги вақтда сафар масофаси ўртача 100 километр атрофида белгиланган. Бундан эса аёл кишига, ҳаттоки, бир вилоятдан бошқасига маҳрамсиз бориши мумкин эмаслиги келиб чиқади. Эътиборлиси шуки, жумҳур уламолари маҳрами йўқ аёлга, агар у бой бўлса ҳам, ҳажга боришга рухсат бермаганлар. Бу шаърий талабни хотин киши, айниқса, эркаклар асло унутмаслиги керак.
Оилада хотиржамлик, ўзаро ҳурмат барқарор экан, у ерга Аллоҳнинг баракаси ёғилади. Аллоҳнинг баракаси ёғилиб турган хонадон вакилларининг эса хорижга чиқиб, пул топишга эҳтиёжи қолмайди. Шуни унутмасак, бас.
Киритилган вақти: 09/12/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3031
Чоп этилган вақт: 08/10/2024 18:03